11 октябрь – Халқаро қизлар куни
Кейинги 4-5 йиллар мобайнида мазкур йўналишдаги ишлар, шубҳасиз, янада юқори босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида ҳамда Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти тузилди.

Мамлакатимизда илк бор эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизларни давлат гранти асосида олий таълим муассасаларга қабул қилиш тизими жорий этилди.
Мазкур янги тартиб асосида 2020 йилда 950 нафар, 2021 йилда 2030 нафар эҳтиёжманд оиладаги хотин-қиз давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “Қизлар учун махсус стипендия”лар жорий қилинмоқда, ушбу рағбат “аъло" баҳоларга ўқиётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олишидан қатъи назар, ойма-ой тайинланган стипендияга қўшимча базавий стипендия миқдорида таъсис этилмоқда. Мазкур стипендия соҳиблари олий таълим муассасаларининг стипендия комиссияси томонидан белгиланган мезонлар асосида аниқланади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзанди Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган оилаларнинг фарзандларига тижорат банклари томонидан имтиёзли таълим кредитлари ажратилиши назарда тутилмоқда.

Бунда имтиёзли таълим кредитлари учун ресурслар Республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида ўқиётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда (12 млн 250 минг сўм) тўлаб берилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида, барча олий таълим муассасаларида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши тузилган.

Андижон машинасозлик институти ва Фарғона давлат университетида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан турмушга чиқиб, фарзандли бўлган талаба қизлар учун мактабгача таълим ташкилоти (боғча) ташкил қилинди. Ушбу эзгу ташаббус бошқа олий таълим муассасаларида ҳам йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.

Бунда ўқиш учун тўлов пуллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили 100 нафардан хотин-қиз учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан, молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг кенгашлари қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қиз учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Бу, албатта, хотин-қизларимиздаги олий маълумотли бўлишига, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топишига эътиборнинг юксак намунасидир.
Бугунги кунда 368 нафар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ҳар бир туман (шаҳар), маҳаллаларда қизларнинг истеъдодларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида “Бибихоним мактаблари” ташкил этилди. “Бибихоним мактаблари”га 124 783 нафар қиз жалб этилди. Ушбу тузилма қизларнинг нафақат етакчилик ва ташкилотчилик кўникмаларини шакллантиришга, балки уларда муомала маданияти ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдиришга хизмат қилмоқда.
Умумтаълим муассасаларида ўқувчи қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва касб-маҳоратини ошириш мақсадида “Қизларжон” клублари фаолияти йўлга қўйилган, унга 38 минг нафар ўқувчи-қиз қамраб олинган. 120 нафар ўқувчи-қиз клубнинг фаол лидерлари сифатида саралаб олинган.
Ҳар йили анъанавий ўқувчи қизлар саммитлари ўтказилмоқда. 10 мингга яқин ўқувчи қизлар орасида “Тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Умумтаълим муассасаларида “Моҳир қўллар” клубларига 491 359 нафар қиз қамраб олинган.
Республикадаги умумтаълим мактабларидаги тасвирий санъат, мусиқа, спорт, ахборот технологиялари, касбга йўналтириш тўгараклари ва китобхонлик клубларига жами 1,3 млн. нафар ўқувчи-қиз жалб этилган.
Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг таълим ва касбий кўникмалари ва қобилиятларини тўғри йўналтириш, раҳбарликка тайёрлаш бўйича идоралараро ҳамкорлик механизми яратилди.
2011 йили БМТ Бош ассамблеясида Халқаро қизлар кунига асос солинган бўлиб, жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Инновацион ривожланиш, Маданият, Туризм ва спорт вазирликлари, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда бутун дунёда нишонланадиган “Халқаро қизлар куни” муносабати билан “Ўзбекистон қизлари: ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари” мавзусида Республика форуми ўтказилди.

Мамлакатимизда қизларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тарбияли, юксак маънавиятли бўлиб униб-ўсишлари, қолаверса, уларни катта ҳаётга, турмушга тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Форумни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш, иқтидорли қизларнинг ижодий фаолиятларини оммалаштириш, юксак ахлоқли, маърифатли ва миллий қадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ қизлар сафини кенгайтиришдан иборат.
Шу билан бирга, форум давомида қизларнинг муомала маданиятини ошириш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бугунги ислоҳотларда иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида ёш олима хотин-қизлар ўртасида илмий конференция, иқтидорли қизларнинг турли соҳалардаги ижод намуналари кўргазмаси, ноёб ва инновацион ғоялар намойиши, санъат соҳасида муваффақиятларга эришган қизларнинг мусиқий чиқишлари, ижодкор қизлар мушоираси, қизлар учун мотивацион тренинг машғулотлари, “Қизларжон клуби”, “Бибихоним мактаблари”нинг машғулотлари, фан олимпиадалари ғолиблари, чемпион ва юксак муваффақиятларга эришган қизлар, раҳбар аёллар билан учрашувлар ташкил этилди.
Форум доирасида Тошкент тиббиёт академиясида ўтказилган илмий конференция, Олимпия захиралари коллежида ўтказилган спорт мусобақалари, Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам қизлар ҳаётида, уларнинг фаоллигини янада оширишда, айниқса, қизлар билан амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Тадбир якунида форумда фаол иштирок этган иштирокчи қизлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бундай тадбирлар республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА