QNA Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қатар давлати таълим вазири Бусаина бинт Али Ал-Жабр Ан-Нуаймий билан учрашгани ҳақида мақола эълон қилди.
Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Бахтиёр Маҳкамов, Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова ва мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Ходжаев ҳам иштирок этган мулоқот давомида соҳадаги шериклик ҳолати муҳокама қилинган. Хусусан, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида сунъий интеллект, ахборот технологиялари, яшил иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия манбалари, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда нефть-газ саноати йўналишларида яқин ҳамкорлик қилиш таклиф этилгани. Илмий-амалий алоқалар кўламини кенгайтиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланган. Биргаликда тадқиқот олиб бориш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, конференция ва семинарлар ўтказиш бўйича қатор келишувларга эришилган.

Вазиримиз бошчилигидаги делегация Хамад бин Халифа университети (HBKU) президенти доктор Аҳмад Ҳаснаҳ билан учрашиб, бир неча муҳим ташаббусларни илгари сурган. Ҳар икки томон алоқаларни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Ҳамкорлик доирасида Ҳамад бин Халифа университети Тошкент ахборот технологиялари университети билан сунъий интеллект йўналиши бўйича ҳамкорлик ўрнатиши, Бухоро муҳандислик-технология институти билан эса нефть-газ соҳасида қўшма лойиҳаларда иштирок этиши режалаштирилди.
– Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳридан келган тўрт нафар ўзбек талабаси Лусаил университетида ўқий бошлаганидан мамнунмиз, – деди Элчи Ашраф Ходжаев. – Мазкур ташаббус Қатардаги элчихона ва Лусаил университети ҳамкорлиги самараси ўлароқ ҳамда ушбу давлат Тараққиёт жамғармаси стипендияси кўмагида амалга оширилди. Айниқса, икки нафар қиз грант олгани Ўзбекистоннинг гендер тенгликка содиқлигини кўрсатади.

Делегациямиз аъзолари Илм-технология паркида стартап экотизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Учрашув сўнгида умумий манфаат йўлидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан тажриба алмашиш ва қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш учун мавжуд имкониятлардан келгусида янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА