Ўзбекистон Президенти Тоскана вилояти билан ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 июль куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон – Италия стратегик шериклигини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Барча даражаларда икки томонлама мулоқотлар фаоллашгани ва ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 25 фоизга ошди. Ўзбекистонда металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида Италиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Тосканани кўп асрлик тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туриши таъкидланди. Буюк ипак йўли даврида Флоренция билан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ўртасида фаол савдо-сотиқ қилинган, флоренциялик савдогар ва дипломатлар эса Амир Темур саройида қабул қилинган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилда мазкур филиал меҳнат бозорига илк битирувчиларни чиқаради. Прато шаҳрида мамлакатимизнинг тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи ишламоқда. 2024 йилда Флоренциядаги Уффици галереясида юртимизнинг авангард санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
Тоскана вилояти билан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва заргарлик саноати, қурилиш ҳамда таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида шериклик алоқаларининг ривожланаётгани ҳамда ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани юксак баҳоланди.

Учрашув якунида Тоскана билан мамлакатимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни назарда тутувчи қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
Тоскана Италиянинг энг иқтисодий ривожланган ҳудудлари қаторига киради ва кучли саноат салоҳияти, юқори технологияли ишлаб чиқариш, замонавий қишлоқ хўжалиги, жаҳонга машҳур виночилик ҳамда туризм тармоғига эга.
Вилоятнинг маъмурий маркази – Флоренция эса жаҳон маданияти, илм-фани ва санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган Уйғониш даврининг умумэътироф этилган “бешиги” ҳисобланади.