Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Остона шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган учрашувда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Арманистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, кузатувчи мақомидаги Куба Республикаси вице-президенти Сальвадор Меса ва Эрон Ислом Республикаси саноат, конлар ва савдо вазири Муҳаммад Атабак, Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Бақитжан Сағинтаев ҳамда меҳмон сифатида МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашди.

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шерикликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон Президенти нутқининг аввалида ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил равишда кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.

ЕОИИ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик комплекс иқтисодий шериклик тусини олгани қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, саноат кооперацияси кенгайиб, логистика алоқалари мустаҳкамланмоқда, рақамли иқтисодиёт, энергетика ва хизматлар соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари шаклланмоқда.

Жорий йилда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан уч йиллик Ҳамкорлик режасини амалга ошириш якунига етаётгани билдирилди. Шу муносабат билан жорий йилнинг куз фаслида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Евроосиё иқтисодий комиссияси билан Қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши доирасида янги режани қабул қилиш таклиф этилди.

Яқинда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистон иттифоқнинг электрон тижоратни ривожлантириш, савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, иқлим масалалари ва бошқа йўналишлардаги ташаббусларида фаол иштирок этмоқда.

Тошкент шаҳрида Евроосиё тараққиёт банкининг мамлакат офиси фаолияти йўлга қўйилиб, банк билан ҳамкорликда саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари иттифоқ билан шерикликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Ўзбекистон ва бирлашма давлатлари ўртасида тўсиқларсиз савдонинг ягона рақамли маконини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бунда электрон тижоратни тартибга солиш борасидаги ёндашувларни мувофиқлаштириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати соҳаларида рақамли маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш ҳамда электрон ҳужжатларни босқичма-босқич ўзаро тан олиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, рақамли транзитни жорий этиш, кузатув тизимларига уланиш ҳамда ўтказиш пунктларини модернизация қилиш орқали “ақлли” транспорт-божхона йўлакларини яратиш ишларига киришиш таклифи билдирилди.
Ишбилармон доираларнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик шериклик ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қизиқиши ортиб бораётганини жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” VI халқаро саноат кўргазмаси тасдиқлади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасида саноат кооперацияси дастурини тайёрлашда мазкур кўргазма салоҳиятидан фойдаланиш таклиф қилинди. Саноат автоматизацияси ва робототехника, энергетика учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологиялар, замонавий қурилиш материаллари ва бошқа соҳалар истиқболли йўналишлар қаторида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кооперация бўйича “ягона дарча” форматида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда шерикларни танлайдиган, эркин саноат зоналар негизида ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, молиялаштиришни жалб этишга кўмаклашадиган қўшма лойиҳа офисини очишга тайёрлигини билдирди.
– ЕОИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча рағбатлантирувчи шароитларни ишлаб чиқишга тайёрмиз, – деди Ўзбекистон Президенти.
Энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга қаратилган Саноатни “яшил” трансформация қилиш қўшма дастурини қабул қилиш бўйича таклиф ҳам илгари сурилди.
Қўшма “яшил” лойиҳалар портфелини шакллантириш, молиялаштиришнинг янги механизмларини ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали саноатнинг устувор тармоқларини модернизация қилиш амалий чора-тадбирлар сифатида дастурдан ўрин олиши мумкин.
– Бу эндиликда мамлакатларимиз учун нафақат экологик кун тартибидаги масала, балки саноатнинг узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминлайдиган муҳим омилга айланмоқда, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур соҳадаги ҳамкорликни миллий электрон бандлик хизматларини интеграция қилиш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Бу фуқароларнинг ишончли бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ҳамда миграция қонунчилиги нормалари ҳақидаги маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланишини таъминлайдиган қулай ва яхлит рақамли муҳитни шакллантиришни назарда тутади.
– Бу бир пайтнинг ўзида мамлакатларимиз меҳнат бозорлари эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ходимларнинг малакасини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва норасмий бандлик хавфларини камайтириш имконини беради, – деди Президентимиз.
Туризм соҳасида Ўзбекистон томонидан “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббуси илгари сурилгани қайд этилди.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ЕОИИ давлатларини мазкур туризм йўналишини оммабоп рақамли платформаларда биргаликда илгари суришга қўшилишга таклиф қилди.
Якунда Президентимиз Ўзбекистоннинг ЕОИИ кўп томонлама дастурлари ва лойиҳаларидаги иштироки ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.