Тошкент давлат шарқшунослик университетида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Покистон: минтақавий ўзаро боғлиқликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида чет эллик экспертлар иштирокида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талабалар билан бирга Россия, АҚШ, Хитой, Покистон олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари олимлари ва экспертлари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг тарихий асослари, икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини очиб беришга оид мавзулар муҳокама қилинди.
Анжуманни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон-Покистон билан ўзаро алоқаларнинг ривожланиш тенденциялари, ўзига хос йўналишлари, эришган ютуқлари, бугунги кунда шаклланаётган Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақавий ўзаро боғлиқлиги доирасидаги янги босқичнинг моҳияти, унга таъсир этувчи омиллар, шарт-шароитларни илмий муҳокама қилишдир.
Концептуал жиҳатдан ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ташаббуслар ва амалга ошириш жараёнлари, аҳамиятини халқаро ва миллий эксперт жамоаси билан муҳокома этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш, янги ғоялар ва концептуал ёндашувлар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Покистон билан ўзаро ҳамкорлигининг аҳамияти, икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг тарихий асослари, сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз борди. Ҳамкорлик ривожига таъсир этувчи ички ва ташқи омиллар, пандемия ва пандемиядан кейинги шароитда ўзаро ҳамкорлик масалалари, ҳамкорликдаги иқтисодий, гуманитар алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболи хусусида фикрлашилди.
Давра суҳбати Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларга ижобий таъсир кўрсатади.
ЎзА