Ўзбекистон, Ўмон ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Масқатда музокара ўтказди
Масқат шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Сайид Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий ва Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради мамлакатимиз ташқи ишлар вазирлиги.
Унда томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш ва уч мамлакат ўртасидаги транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, вазирлар минтақадаги долзарб вазият юзасидан фикр алмашди. Мавжуд кескинликни дипломатик воситалар орқали бартараф этиш ҳамда давлатлар ўртасидаги амалий мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидланди.
Музокаралар якунида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Азиза Алимова, ЎзА