ЕХҲТ анжумани: тинчлик ва парламент дипломатияси
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида “ЕХҲТ маконида мулоқотни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш манфаатлари йўлида халқаро ҳуқуқни илгари суришда парламентларнинг роли” мавзусида учинчи Ашхобод конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Мавлуда Хўжаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Маълум қилинганидек, мазкур анжуман Туркманистон Мажлиси ҳамда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида ташкил этилган. Конференцияда ЕХҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини илгари суришда парламентларнинг ўрни ва масъулиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, парламент дипломатиясини ривожлантириш, қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, илғор тажриба ва фикр алмашиш орқали умумий мақсадларга эришиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, анжуман давомида халқаро ҳуқуқ ва парламент фаолиятининг экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларига барқарорликни ошириш, табиий офатларнинг олдини олиш борасидаги аҳамиятига оид масалалар муҳокамаси ҳам режалаштирилган.
М.Комилова,
ЎзА