Ўзбекистон – Ўмон: тарихий маънавий муштаракликдан янги илмий ва маданий ҳамкорлик сари
Давлатлар аро муносабат мустаҳкамлиги фақат савдо айланмаси ёки инвестиция лойиҳалари эмас, балки халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган илм-фан, таълим ва маданий алоқалар билан ҳам белгиланади. Ўзбекистон – Ўмон муносабати бу борада алоҳида мазмун касб этган. Тарихий-маънавий муштараклик, маданий алоқа ва алмашинув мазкур ҳамкорликнинг янги йўналишларини очмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16-17 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигига давлат ташрифи ушбу алоқаларни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, таълим муассасалари ўртасидаги шериклик, илмий меросни ўрганиш, маданият ва санъат соҳасидаги қўшма лойиҳалар икки томонлама кун тартибининг муҳим йўналишларидир.
Ҳамкорликнинг тарихий асоси, бугунги имконияти ва истиқболи хусусида ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Нилуфар Тошмирзаева билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистон – Ўмон маданий-маънавий алоқалари тарихий илдизи анча чуқур. Бугунги ҳамкорликда ушбу муштараклик қандай намоён бўлмоқда?
– Ўзбекистон ва Ўмон муносабатига фақат замонавий дипломатик алоқалар нуқтаи назаридан қараш тўғри эмас. Халқларимиз ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинлик қадим даврларга тақалади. Буюк Ипак йўли орқали шаклланган савдо ва маданият алмашинуви Шарқнинг турли ҳудудларини бир-бирига боғлаган. Айни жараёнда илм-фан, адабиёт ва маънавий қадриятлар ҳам муҳим ўрин тутган. Масалан, буюк тилшунос олим Халил ибн Аҳмад Ал-Фароҳидий илмий мероси Шарқ тилшунослиги тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга. Унинг араб тили, аруз илми ва луғатшунослик ривожига қўшган ҳиссаси бутун минтақа илмий тафаккурига таъсир кўрсатган. Бундай шахслар меросини ўрганиш халқларимиз ўртасидаги илмий-маънавий муштаракликни англашга ёрдам беради.
Дипломатик муносабат 1992 йил 22 апрелда ўрнатилгандан кейин ушбу тарихий яқинлик расмий ҳамкорлик билан бойиди. Тошкент ва Масқатда икки мамлакат элчихоналари фаолият бошлаши ҳам ўзаро мулоқот имкониятини кенгайтирди.
Менимча, бугун тарихий алоқани фақат ўтмиш хотираси эмас, балки замонавий илмий ва маданий лойиҳалар учун асос сифатида намоён этиш муҳим вазифа. Бунинг учун қўшма тадқиқот, илмий анжуман, таржима ва маданий тадбирларни изчил давом эттириш зарур.
– Таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат муносабати истиқболини қай даражада белгилайди? Хусусан, тарихий қўлёзмаларни ўрганиш борасидаги ташаббуслар аҳамияти нимада?
– Айни йўналишдаги шериклик давлатларимиз муносабатини узоқ муддатли асосда мустаҳкамлайди. Бу жараёнда университет ва илмий марказлар, тадқиқотчилар ўртасидаги бевосита алоқа алоҳида ўрин тутади. 2009 йил олий таълим ва илмий тадқиқот соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши муҳим босқичдир. 2020 йил декабрь ойида ТДШУ ҳамда Султон Қобус университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланиши эса академик алоқани ривожлантириш учун янги имконият очди. Энди шерикликни талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқот, халқаро конференция ва таълим дастурлари орқали янада кенгайтириш мумкин. Айниқса, араб тили, шарқшунослик, тарих, адабиёт ва ислом цивилизацияси каби йўналишларда икки мамлакат илмий мактаблари тажриба алмашиши учун улкан салоҳият мавжуд.
Қўлёзма меросини ўрганиш ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архив бошқармаси ҳамкорлиги доирасида қўлёзмаларни тиклаш, рақамлаштириш ва илмий тадқиқ этиш муҳим. Қўлёзмаларда нафақат муайян халқ тарихи, балки турли цивилизациялар ўртасидаги илмий ва маданий алоқа ҳақидаги қимматли маълумотлар ҳам сақланади.
Энг муҳими, бу йўналишдаги ҳамкорлик натижаси илмий доира билан чекланмаслиги керак. Тадқиқот асосида нашр, электрон каталог, кўргазма ва таълим лойиҳаси ташкил этиш орқали бой меросни кенг жамоатчиликка етказиш мумкин.
– Президентнинг Ўмонга давлат ташрифи доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун қандай имконият мавжуд? Бу борада қайси ташаббуслар узоқ муддатли натижа бериши мумкин?
– Давлат ташрифи икки мамлакат маданий-гуманитар алоқасини янги мазмун билан бойитиш учун муҳим имкониятдир. Айниқса, маданият кунлари, санъат фестиваллари, ижодий жамоалар гастроллари ва музейлар ўртасидаги ҳамкорлик туфайли халқларимиз бир-бирини янада чуқур англайди.
2026 йил ноябрь ойида Масқатда маданий алоқаларга бағишланган халқаро симпозиум ўтказилиши, шунингдек Ўмонда Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилиши бу борадаги мулоқотнинг амалий ифодаси сифатида аҳамиятли. Бундай тадбирлар орқали ўзбек халқининг бой тарихи, миллий санъати, адабиёти ва анъаналарини ўмонликларга кенгроқ танитиш мумкин. Айниқса, Масқат Қироллик опера театри билан ҳамкорлик ўрнатиш истиқболли ҳисобланади. Қўшма опера ва балет спектакллари, мусиқий дастурлар, рассом ва ҳунармандлар кўргазмалари икки мамлакат ижодкорлари учун янги тажриба майдонини яратади. Шу билан бирга туризм соҳасидаги алоқаларни ҳам маданий ҳамкорлик билан уйғунлаштириш муҳим. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлари ҳамда Ўмоннинг бой меъморий ва табиий мероси сайёҳлар учун ўзаро қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Бунинг учун сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилиш, соҳавий ташкилотлар ўртасидаги алоқани кучайтириш ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Умуман, маданий-гуманитар ҳамкорлик самараси ўтказилган тадбирларнинг сони эмас, балки давомийлиги, жамият ҳаётига таъсири билан белгиланади. Университет, музей, архив, театр ва ижодий уюшмалар доимий ҳамкорлиги механизмини шакллантириш муҳим.
Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Ўмоннинг тарихий-маънавий яқинлиги замонавий таълим, илм-фан ва маданият лойиҳалари билан уйғунлашса, икки халқ ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланади. Шу тариқа ўзаро муносабатнинг иқтисодий, сиёсий йўналишлари ҳам мазмунан бойиб боради.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА