Ўмон Султонлигида Ўзбекистон билан савдо, сармоя алмашинувини кенгайтириш, икки давлат экспорт ва импорт имкониятини ўрганиш мақсадида бизнес-форум ташкил қилинди. Ушбу араб давлати Савдо-саноат палатаси қароргоҳида бўлиб ўтган анжуман тафсилоти ONA ахборот агентлиги саҳифаларида кенг ёритилди.
Форум мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси масъул вакили Нодира Шотурсунова бошчилигидаги кўчмас мулк, дизайн, электротехника, тўқимачилик, хусусий таълим, тиббиёт ва экспорт соҳалари вакилларидан иборат йигирмага яқин ишбилармон аёлдан иборат делегациянинг Ўмонга ташрифи доирасида ўтказилгани таъкидланган.

Республикамизнинг Масқатдаги элчиси Абдусалом Ҳотамов мазкур тадбир савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармон хотин-қизларнинг инновацияни ривожлантириш, бизнес шериклигини қўллаб-қувватлашдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилганини қайд этди.

Ўмон Савдо-саноат палатаси Директорлар кенгаши аъзоси, Палата ҳузуридаги Туризм қўмитаси раҳбари Суҳам бинт Аҳмад Ал Харисия хоним ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари, турли соҳалардаги имкониятлар муҳокама қилинадиган йирик форум илк бор ўтказилаётганини эслатди.

Форум доирасида уюштирилган икки томонлама учрашувлар кун тартибидан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, тажриба ва ахборот алмашиш, қўшма ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш масалалари ўрин олди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА