Ўзбекистон олимпия ҳаракати мутасаддилари ООК йиғилишида қатнашди
Хитойнинг Санья шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг 109-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда иштирок этган ООК вице-президенти, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда бош котиби Ойбек Қосимов тадбир давомида Осиё олимпия ҳаракати раҳбарлари, Халқаро спорт ташкилотлари мутасаддилари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди. Бир қатор келишувларга эришилди.

"Санья-2026" Осиё соҳил ўйинлари арафасида ташкил қилинган мазкур йиғилишда бўлажак мусобақага тайёргарлик ишлари, шунингдек, "Аичи-Нагоя-2026" ёзги Осиё ўйинларига кўрилаётган ҳозирлик юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда ООКнинг турли бўлимлари ҳисоботлари тингланиб, 2030 йилги Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларига мезбонликка номзод давлатларнинг таклифлари кўриб чиқилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА