Ўзбекистон мусулмонлари идорасида донорлик акцияси ўтказилди
Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини ривожлантириш ва эзгу ташаббусларни кенг тарғиб қилишда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилаётган беғараз донорлик акцияси муҳим ўрин тутади.
Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Республика қон қуйиш маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида махсус мобил бригада орқали кўчма қон йиғиш тадбири ташкил этилди.

“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги донорлик акциясининг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган мазкур хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари фаол иштирок этиб, бемор болажонлар саломатлиги йўлида эзгу ташаббусга ўз ҳиссаларини қўшди.
Тадбир доирасида “Адолат” СДП етакчиси Робахон Маҳмудова бошчилигидаги партия фаоллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Хусусан, идорада ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, бой китоб фондига эга кутубхона, шунингдек, идора фаолиятини ёритиш, маънавий-маърифий кўрсатувларни тайёрлаш ва тасвирга олишга хизмат қилаётган замонавий медиа студияда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Партиянинг мазкур эзгу ташаббуси ижтимоий ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлаш, болалар саломатлигини асрашга хизмат қилиши қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА