Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназаров Мусулмон оқсоқоллари кенгашига аъзо бўлди.
Бош имом, ал-Азҳар шайхи доктор Аҳмад ат-Таййиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Ўзбекистон бош муфтийси Нуриддин Холиқназаров кенгаш қарори билан Мусулмон оқсоқоллари кенгаши аъзолигига қабул қилинганини эълон қилди. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси хабар берди.
Шайх Нуриддин Холиқназаров 2021 йил 19 октябрдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Олий муфтийси лавозимларида ишлаб келмоқда. Бутун касбий фаолияти давомида Асака шаҳридаги Аҳмад Али Маҳдум жоме масжидида, сўнгра Тошкент шаҳридаги Оқтепа масжидида имом ва воизлик қилган. Тошкент шаҳридаги Кўкалдош номидаги ислом билим юртида, Андижон вилоятидаги Саййид Муҳиддин Маҳдум номидаги ислом билим юртида муаллимлик қилган. Бундан аввал у Андижон вилояти имом-хатиблари бошлиғи, 2019-2021 йилларда эса Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри имом-хатиблари бошлиғи лавозимларида ҳам ишлаган.
Шайх Нуриддин Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилган, 1992 йилда Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мактабини тамомлаган. Шунингдек, Имом Ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясини тугатган.
Мусулмон оқсоқоллари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдулсалом Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Шайх Нуриддин Холиқназаровга ўз миннатдорчилигини билдириб, ўзининг бой тарихи, ранг-баранг мероси ва чуқур интеллектуал, маданий ва диний таъсирга эга бўлган мероси билан Марказий Осиёдаги Мусулмон оқсоқоллар кенгашининг ролини ошириш ва фаолиятини кенгайтириш мақсадида Шайх Нуриддин Холиқназаров билан ҳамкорлик қилишни сабрсизлик билан кутмоқда. Бу ҳамкорлик, шунингдек, динлар ўртасидаги мулоқот, бағрикенглик, тинч-тотув яшаш ва ўзаро ҳурматни ривожлантиришга қаратилган.
Ўз навбатида, Мусулмон оқсоқоллари кенгашининг янги тайинланган аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари мазкур кенгашга аъзо этиб тайинлангани шахсан ўзи учун ҳамда Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг барча халқлари учун катта фахр ва ифтихорлигини таъкидлади. Шайх Нуриддин Холиқназаров Бош имом, Ал-Азҳар шайхи ва Мусулмон оқсоқоллари кенгаши раиси доктор Аҳмад ат-Таййиб ҳазратлари, кенгашнинг барча аъзолари ва Бош котибига ушбу нуфузли халқаро ташкилотга аъзо этиб тайинланганлари учун чуқур миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Кенгашнинг мусулмон дунёси манфаатларига хизмат қилиш, тинчликни мустаҳкамлаш, мулоқотни кенг олиб бориш, ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонда мавжуд бўлган ислом меросини асраб-авайлашга қаратилган мақсадларига эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берди.
Мусулмон оқсоқоллари кенгаши Абу-Дабида 1435 йилнинг 21 рамазонида (2014 йилнинг 19 июлига тўғри келади) Бош имом, ал-Азҳар шайхи доктор Аҳмад ат-Таййиб раислигида ташкил этилган мустақил халқаро ташкилотдир. Кенгаш таркибига бир қанча олимлар, қозилар ва ўзининг адолатлилиги, мўътадиллиги ва мустақиллиги билан машҳур бўлган арбоблар киради. Мусулмон оқсоқоллари кенгашининг мақсади мусулмон ва мусулмон бўлмаган жамиятларда тинчликни таъминлаш, мулоқот, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини тарғиб қилиш ва мустаҳкамлашдан иборат.
ЎзА