Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “MWC Barcelona – 2025” Жаҳон мобил конгресси доирасида “Ookla” ташкилоти президенти ва бош директори Стивен Бе, Стратегия бўйича бош директор Чип Стренж ҳамда ташкилотнинг Шимолий Осиё ва Марказий Осиё минтақалари бўйича савдо директори Виктор Зенг билан учрашди.
Учрашувда интернет инфратузилмасини ривожлантириш ва сифат мониторингини кучайтириш бўйича фикр алмашилди.
Бундан ташқари, мулоқот давомида ҳудудларда 5G технологиялари жараёнларини жадаллаштириш, мобил алоқа операторлари учун инновацион технологик ечимларни синовдан ўтказиш ва уларнинг халқаро тажрибага асосланган ҳолда ривожланишини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда “Ookla” ташкилоти Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда мобил интернет тезлиги бўйича катта кўрсаткичларга эришганини қайд этди.
Маълумот учун, “Ookla” – глобал интернет тезлигини ўлчаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланадиган етакчи ташкилот.
Шунингдек, учрашув давомида ташкилот вакиллари Speedtest Global Index натижаларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон 133-ўринни эгаллагани, 2025 йил январь ҳолатига кўра мамлакат ушбу рейтингда 68-ўринга кўтарилгани, шу тариқа Ўзбекистон 2020 йилдан бери 65 поғонага юқорилаганини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар келгусида ҳамкорлик лойиҳалари устида ишлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Н.Раҳмонова,
ЎзА