Малайзия жаҳон бозорида ўз ўрнига эга, иқтисодиёти ривожланиб бораётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиётининг асосий қисми, яъни ялпи ички маҳсулотининг 46 фоизини саноат, 41 фоизини хизмат кўрсатиш соҳаси ташкил қилади. Анъанавий ва суюлтирилган газни қайта ишлаш, нефть конлари ва тўқимачилик саноати бўйича Малайзия дунёда 3-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон ва Малайзия иқтисодий, сиёсий ҳаётида жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари муҳим тарихий сана сифатида муҳрланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазир Анвар Иброҳим таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.
Тошкент давлат шарқшунослик университети кафедра мудири, доцент Меҳри Воҳидованинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашган. Давлатларимиз савдо ҳажмини ошириш, сармоявий лойиҳаларни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни дадил илгари сурмоқда.

Мутахассиснинг қайд этишича, Малайзиянинг нефть захираси миқдори беш миллиард баррель атрофида баҳоланган. Унинг сифат кўрсаткичи дунёда энг юқори ҳисобланади. Мамлакатда кунига қазиб олинадиган 730 минг баррелга яқин табиий нефтнинг асосий қисми экспорт қилинади. Табиий газ захираси тахминан уч миллиард куб/метр. Ишлаб чиқариш ҳажми йилига бир ярим триллион куб/фут. Пальма ёғи, табиий каучук, қалай концентрати ва ёғоч маҳсулотлари сифати бўйича ҳам Малайзия дунё етакчилари қаторида эътироф этилади.
Ўзбекистоннинг ҳам, Малайзиянинг ҳам иқтисодий салоҳияти ортиб бораётгани ўзаро савдо айланмасига ижобий таъсир кўрсатди. Хусусан, 2020 йил савдо айланмаси 75,76 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 190 миллион долларга етган. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Малайзияга пахта ва тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб бермоқда. Малайзиядан эса юртимизга пальма ёғи ва озиқ-овқат, электроника ва технологиялар, кимёвий ва саноат маҳсулотлари кириб келади.
Давлатларимиз ўртасида бир нечта йирик сармоявий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, “Petronas” компанияси нефть ва газ соҳасидаги маҳаллий лойиҳаларда иштирок этяпти. Қайта тикланадиган энергия йўналишида ҳам янги лойиҳалар муҳокама қилинмоқда. Малайзиянинг ҳалол туризм тажрибаси республикамизда жадал ривожланаётган зиёрат туризми билан уйғунлашмоқда. Ҳамкор компаниялар Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида меҳмонхона бизнесига сармоя киритмоқда. Қолаверса, малайзиялик йирик инвесторлар диёримизда тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналари очишга қизиқиш билдирмоқда. Фармацевтика соҳасида эса дори-дармон ишлаб чиқариш ва сертификация бўйича шериклик ривожланмоқда.

Ўзбекистонда иш юритаётган 33 та Малайзия билан боғлиқ корхонанинг 16 таси 100 фоиз хорижий капитал ҳисобидан ташкил этилган. Масалан, қиймати 250,3 миллион долларга тенг “Serba Dinamik Holdings Bhd” заводи йилига 30 минг тонна калий ва каустик содани қайта ишлайди. “Meraque Group” компанияси эса қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бунинг учун 4,7 миллион доллар сармоя йўналтирилиши, 1000 та янги иш ўрнига эга корхона очилиши кутиляпти.
Бугунги кунда Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси ва “Batik Air Malaysia” авиаташувчиси томонидан ҳафтасига 4 та рейс қўйилган. Савдо ва инвестиция алоқаларини янада ривожлантириш учун қатор янги ва долзарб йўналишлар аниқлаб олинган. Жумладан, экологик тоза технологиялар бўйича илғор ҳисобланган Малайзия ва қайта тикланадиган энергия манбаларига кейинги пайтда устувор аҳамият бераётган Ўзбекистоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари сезиларли ижобий натижа бериши тайин. Республикамизда бой иш тажрибасига эга “Petronas” компанияси бу борадаги истиқболли ҳамкор сифатида кўриляпти.
Малайзия мусулмон сайёҳларга йўналтирилган туризмни ривожлантириш бўйича улкан тажрибага эга. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хивада Малайзия инвестицияси билан халқаро стандартга мос меҳмонхоналар, ресторанлар очиш, янги замонавий туристик мажмуалар барпо этиш мумкин.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Жанубий-шарқий Осиёнинг бу мамлакати дунёнинг энг йирик пальма ёғи ишлаб чиқарувчиларидан бири саналади. Демак, юртимизда пальма ёғидан маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилиш имкони бор. Ҳамкорлари билан барга озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш ва экспорт қилишни йўлга қўйиш салоҳияти мавжуд. Қолаверса, қуёшга тўйинган, сархил мева-чева, сабзавот – гилос, узум, анор, қовун, сабзи, пиёз, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари – тайёр матолар, фармацевтика маҳсулотлари, металл ва минерал ресурслар – мис, олтин, уран, қурилиш материаллари экспортини йўлга қўйиш, Малайзиядан пальма ёғи ва маҳсулотлари, какао, қаҳва, кокос, электроника ва маиший техника, кимё саноати маҳсулотлари (ёғ-мой саноати учун хом ашё), автомобил ва эҳтиёт қисмлар импорт қилиш ҳар икки томон учун манфаатли. Ўзбекистон жаҳон бозорига пахта ва ип-калава етказиб берувчи йирик давлат сифатида Малайзия билан бирга халқаро талабга мос, рақобатбардош брендлар ярата олади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантириш ҳар икки мамлакат учун фойдали бўлиб, янги лойиҳаларни илгари суриш, сармоя жалб қилиш имконияти тобора кенгаймоқда.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди