“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, яқинда нефть-газ соҳаси мутахассисларидан иборат делегация Малайзияда хизмат сафарида бўлди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Петронас технология университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан уюштирилган ушбу хизмат сафарида делегация Петронас технология университети фаолияти билан яқиндан танишди. Қайд этиш жоизки, Малайзиянинг Петронас технология университети нефть, газ ва энергетика соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича юқори тажрибага эга.
Университет ўзининг замонавий кампуси, тадқиқотлар ва инновациялар йўналишидаги ютуқлари билан дунёга танилган. Ўқув жараёни ва тадқиқотлар халқаро даражада ташкил қилинган бўлиб, талабаларга глобал стандартлар асосида таълим олиш имкониятини беради. Хизмат сафари давомида ушбу университетнинг замонавий таълим методикалари, ўқув дастурлари ва қўлланмалари билан танишилди.
Унда “Ўзбекнефтгаз” ходимларини университетда ўқитиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий тадқиқот ҳамда таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди. Унга кўра, ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда нефть-газ соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА