Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг таҳлилига кўра, 2024 йилнинг III чорагида Буюк Британия, Ҳиндистон, Канада, АҚШ, Таиланд ва Австралия каби мамлакатларда мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил шарбатларга бўлган талаб юқори экани кузатилган.
Сурхондарё, Хоразм, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятлари ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш учун яхши имкониятларга эга. Қайд этилган мамлакатларга экспортни доимий равишда йўлга қўйиш, бу ҳудудларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, ип-газлама, кийимлар, кимёвий тола ва тери маҳсулотларига бўлган талаб АҚШ, Франция ва Индонезия давлатларида юқори эканлиги аниқланган. Наманган, Қашқадарё, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси тадбиркорлари ушбу бозорларга чиқиш имкониятларига эга.
Ўзбекистон ушбу маҳсулотларни экспорт қилишда ҳам нисбий устунликка эга. АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Ҳиндистон, Канада ва Корея Республикасида уларга бўлган талаб юқори. Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорлари ушбу маҳсулотларни нисбатан паст харажатлар эвазига экспорт қилишлари мумкин.
Канада, Франция, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, БАА ва Хитой каби мамлакатлардаги кўпгина буюртмачилар учун қимматбаҳо тошлар, металлар, рух ва мис маҳсулотлари зарур. Ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга тавсия этилади.
Тадқиқотларда буюртмачиларнинг 75,5 фоизи учун маҳсулотнинг қайси мамлакатдан етказиб берилиши аҳамиятга эга эмаслиги маълум бўлган.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз маҳсулотлари учун янги потенциал экспорт бозорларининг аниқланиши бу катта имконият ҳисобланади. Шундай экан, ҳудудларда транспорт ва экспорт инфратузилмасининг ушбу потенциал бозорларга чиқиш учун мослаштирилиши, экспортчи корхоналарга яқиндан консультатив ва молиявий кўмак берилиши экспорт кўламининг ошиши, самарадорликнинг яхшиланиши, инновацион фаолиятнинг жадаллашиши ва аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА