Ўзбекистон маҳсулотлари учун Европа бозорига янги имкониятлар очилмоқда
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Германиянинг "TUV NORD Cert" компанияси катта вице-президенти Удо Кубиттс бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, маҳаллий корхоналарда халқаро ижтимоий ва саноат стандартларини жорий этиш, “TUV NORD” бренди орқали Европа ва жаҳон бозорларига чиқиш имкониятлари, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Шу билан бирга, “TUV NORD Cert” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятини йўлга қўйиш, саноат ускуналари хавфсизлигини таъминлаш, саноат корхоналари учун хавфсизлик аудити ва инспекция хизматларини жорий этиш, энергетика ва табиий ресурслар соҳасида муҳандислик хизматларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, рақамли технологиялар ва электроника соҳасида синов ҳамда сертификатлаш тизимини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур ҳамкорлик маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда саноат тармоқларини замонавий стандартлар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА