Брюсселда Божхона қўмитаси раиси А.Мавлоновнинг Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сондерс билан учрашуви бўлиб ўтди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, 186 та давлатдан делегациялар иштирок этаётган мазкур сессияда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, фақатгина ўнга яқин давлат божхона хизмати раҳбарлари билан икки томонлама учрашув ўтказа олади.
Мазкур давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги божхона соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ташкилотнинг доимий диққат-марказида турганини англатади.
Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилоти ва Швейцария иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Савдони қўллаб-қувватлаш глобал Дастурида фаол қатнашмоқда.
Дастурнинг 2024-2027 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичи трансчегаравий савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш, савдо харажатларини камайтириш, божхона расмийлаштируви самарадорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирларни назарда тутади.
Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилоти ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қўшма лойиҳалари доирасида хавфларни бошқариш ва товарларни чиқариш вақти тадқиқоти бўйича 10 га яқин семинарларда Божхона қўмитаси ходимлари фаол иштирок этишди.
Божхона қўмитаси ходими Ш.Ниязовнинг ЖБТ халқаро эксперти мақомини қўлга киритгани ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида эътироф этилди.
Қўмита раиси келгуси йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон божхона ташкилотининг кинология бўйича глобал форумини Ўзбекистонда ўтказиш ҳамда “Ақлли божхона” концепцияси доирасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш таклифларини илгари сурди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги қатор йўналишларини белгилаб олишди.
Ш.Маматуропова, ЎзА