Ўзбекистон – Иордания: келишувлардан амалий натижалар сари
Ўзбекистон ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасидаги муносабатлар 1993 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилгандан буён ўзаро ҳурмат ва кўп қиррали ҳамкорлик асосида ривожланиб келмоқда. Сўнгги йилларда олий даражадаги мунтазам мулоқотлар натижасида икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасидаги муносабатлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг мазкур давлатга режалаштираётган ташрифи ҳақида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев батафсил гапириб берди:
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига режалаштираётган ташрифи икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Бугун асосий масала сиёсий мулоқотни кенгайтириш билан бирга, эришилган келишувларни савдо, инвестиция, таълим ва технологиялар соҳасида аниқ натижаларга айлантириш.
Бу жараёнга 2025 йил августда Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Самарқандга илк давлат ташрифи мустаҳкам асос яратди. Ўшанда шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилиниб, 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланган эди. 2026 йилда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилди, Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди, Аммон–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди.
6 ноябрь куни Остонада Президент Шавкат Мирзиёев ва Подшоҳ Абдулла II савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирларни муҳокама қилди. Бу мулоқот Самарқандда бошланган ҳамкорлик изчил давом этаётганини кўрсатади.
Иқтисодий йўналишда эътиборга молик янгилик бор: Иорданиянинг Petra давлат ахборот агентлиги 15 ноябрда икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо битими бўйича музокаралар якунлангани ва ҳужжатни ой охиригача имзолаш кутилаётганини маълум қилди. Аввалроқ 300 турдаги товарга имтиёзлар назарда тутилаётгани билдирилган эди. Бироқ, битимнинг амалий самараси фақат бож ставкаларига эмас, сертификатлаш, божхона тартиблари ва юк ташиш харажатларининг қанчалик енгиллашишига ҳам боғлиқ.
Аммонда режалаштирилган бизнес-форум саноат кооперациясига янги туртки бериши мумкин. Тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва логистика бўйича музокараларни аниқ лойиҳаларга айлантириш учун ҳар бир ташаббуснинг ҳамкорлари, молиялаштириш манбалари ва амалга ошириш муддатларини белгилаш муҳим. Мақсад фақат ўзаро савдони кўпайтириш эмас, балки қўшилган қиймат, янги иш ўринлари ва технологиялар алмашинувини таъминлашдан иборат.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – инсон капитали. 17-18 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон–Иордания олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форумида университетлараро ҳужжатлар имзоланиб, қўшма таълим ва илмий тадқиқотлар бўйича келишувларга эришилди. Айниқса, муҳандислик, тиббиёт, рақамли технологиялар ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги шериклик келгусида амалий самара бериши мумкин.
Икки мамлакат учун сув тежамкорлиги ҳам долзарб. Иорданиянинг чекланган сув ресурсларидан фойдаланиш тажрибасини Ўзбекистондаги илмий ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан уйғунлаштириш истиқболлидир. Бундай ҳамкорликни сув сарфи, ҳосилдорлик ва харажатлардаги ўзгаришлар билан баҳоланадиган қўшма тажриба лойиҳаларидан бошлаш мумкин. Бу ташаббуслар сифатли таълим, муносиб меҳнат, инновациялар ва халқаро шерикликка оид Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам хизмат қилади.
Эндиликда Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасида 2027 йил учун ихчам амалий «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унда устувор лойиҳалар, масъул ташкилотлар, молиялаштириш шартлари, муддатлар ва натижани баҳолаш кўрсаткичлари аниқ белгиланиши лозим.
Зеро, Ўзбекистон–Иордания шериклигининг янги босқичи имзоланган ҳужжатлар сони билангина эмас, улар асосида ишга тушган корхоналар, кенгайган бозорлар, тайёрланган мутахассислар ва аҳоли манфаатига хизмат қиладиган барқарор натижалар билан ўлчанади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА