Паркентда янги давр: пойтахтга яқинлашган туман ва йирик сайёҳлик мажмуалари
Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ташриф буюрди. Сафар давомида давлатимиз раҳбари ҳудуднинг транспорт инфратузилмаси ва туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқаётган йирик лойиҳалар билан танишди.
Ташриф пойтахт ва тоғли туман ўртасидаги масофани яқин қилган муҳим янгиликдан бошланди – Президентимиз Тошкент шаҳридан Паркент туманига янги йўлга қўйилган замонавий электропоездда келди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пойтахт билан Паркент туманини боғлаш мақсадида янги электрлаштирилган темир йўл линияси қурилди. Жорий йилнинг сентябрь ойидан Тошкент – Паркент йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилган.
Мазкур темир йўл пойтахт ва Паркент ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш, туманнинг туристик жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида 535,4 миллиард сўм ҳисобидан 24 километрлик Байтқўрғон – Паркент электрлаштирилган темир йўл линияси қурилди. Битта янги бекат, учта кўприк, автомобиль йўл ўтказгичи, 77 та сув ўтказиш иншооти ҳамда 16 та автомобиль ва темир йўл кесишмаси барпо этилди.
Шунингдек, 24 километрлик контакт тармоғи ва электр узатиш линияси қурилди. Лойиҳа натижасида 40 та янги иш ўрни яратилди.
Тошкент ва Паркент ўртасидаги умумий масофаси 57,6 километр бўлган йўналишда олтита вагондан иборат замонавий “ЭП3Д” электропоезди қатнамоқда. Қиймати 124 миллиард сўмлик поезд 586 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.
Электропоезд Тошкентдан Паркентгача бўлган масофани 1 соат 13 дақиқада босиб ўтади. Йўл ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, ушбу йўналишдаги такси хизмати ўртача нархидан 2,5 баробар арзон.
Янги йўналишда кунига 2 минг нафаргача, йилига эса 300 минг нафар йўловчини ташиш имконияти мавжуд.
Электропоездда йўловчилар учун замонавий шароитлар яратилган. Вагонлар иқлим назорати тизими, қулай ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ва бепул Wi-Fi билан жиҳозланган.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ва мослаштирилган жойлар, велосипедларни ташиш мосламалари ҳамда электрон ахборот таблолари ўрнатилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув ва тўқнашув пайтида зарба кучини камайтирувчи тизимлар назарда тутилган.
Сафар чоғида Президентимиз Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратди. Хусусан, ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш тармоқлари салоҳиятини камида икки баробар ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Паркентнинг янги вокзал станцияси билан танишар экан, темир йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш, вокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўловчилар учун қулай шароитларни кенгайтириш, қатновлар самарадорлигини таъминлаш ва темир йўлга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
– Халқимизда “йўл азоби...” деган мақол бор. Паркентга поезд қатновини йўлга қўйишдан мақсадимиз ҳам туманни шаҳарга яқинлаштириш эди. Йўл азоби бўлмаса, одамлар кўп нарсани уддалай олади. Поезд йўлга қўйилгунига қадар Паркентга қатнаш қанчалик оғир эди. Паркентнинг ҳавоси ҳам, одамларининг маънавияти, маърифати, меҳнаткашлиги ва муомаласи ҳам ўзгача, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманининг Кумушкон маҳалласидаги “Silver Valley” оилавий дам олиш мажмуаси билан танишди.
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, хизматлар экспортини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Тошкент вилоятининг, айниқса, унинг тоғли ҳудудларининг табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жойларда замонавий туризм мажмуалари барпо этилмоқда.
“Silver Valley” оилавий дам олиш мажмуаси ҳам шундай лойиҳалардан бири. У табиат қўйнида мазмунли ҳордиқ чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Умумий қиймати 148,5 миллиард сўм бўлган мажмуа 29,5 гектар майдонда жойлашган. Лойиҳа доирасида 200 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Бу ерда жами 120 ўринли 12 та шале услубидаги уй, замонавий қабул биноси, 300 ўринли ресторан, жами 200 ўринга мўлжалланган 12 та ўтов-ресторан, 100 ўринли терраса-кафе ҳамда 4 та СПА мажмуаси барпо қилинган.
Сайёҳларнинг мазмунли дам олиши учун тафаккур йўлаги, воркаут зоналари, зиплайн ва тюбинг аттракционлари, ёзги кинотеатр ҳамда 10 та аттракциондан иборат кўнгилочар майдон ташкил этилган.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, кунига 2,7 минг нафаргача меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитлар ва амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, сайёҳларга маҳаллий маҳсулотлар асосида хизмат кўрсатиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бундай масканларни бошқа тоғли ҳудудларда ҳам кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Президентимиз аҳоли билан суҳбатда турмуш даражаси юксалиши билан одамларнинг мазмунли дам олишга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб бораётганига эътибор қаратди.
– Одамларнинг даромади кўпайиб, ишлари яхшиланган сари улар дам олиш учун қулай жой излайди. Паркентда шундай шароитлар яратсак, бу ерга оилалар фарзандлари билан келиб ҳордиқ чиқаради. Бундай туристик масканларни йил сайин кўпайтириб борсак, нафақат Тошкентдан, балки республикамизнинг барча ҳудудларидан одамлар келади, – деди давлатимиз раҳбари.
Қайд этилганидек, бундай лойиҳалар туризмни ривожлантириш билан бирга, аҳолининг дам олиши учун муносиб шароитлар яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва маҳаллий тадбиркорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсади инсон манфаатларини таъминлаш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш эканини таъкидлади.
– Бугун Паркентга келишимдан мақсад – бу ҳудуднинг имкониятларини янада кенгайтириш, паркентликларни ўзгаришларга ишонтириш. Барча ҳаракатларимиз ҳар бир инсон ўз ҳаётидан рози бўлишига қаратилган, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, янги ташаббусларни амалга ошириш, одамларда “қилса бўлар экан” деган ишончни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Ташриф буюрувчиларнинг ҳудудда узоқроқ қолишини таъминлаш, улар учун қўшимча хизмат турларини кўпайтириш ва мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманига ташрифи давомида Кумушкон маҳалласидаги “Олтин бел” сайёҳлик мажмуасида яратилган шароитлар ва уни янада ривожлантириш режалари билан танишди.
Сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, табиий имкониятлардан самарали фойдаланиш ва замонавий дам олиш масканларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Паркент туманидаги “Олтин бел” мажмуаси ҳам ушбу йўналишдаги йирик лойиҳалардан бири бўлиб, 2025 йилда бунёд этилган “Kumushkon Resort” лойиҳасининг давоми ҳисобланади.
Умумий майдони 47 гектар бўлган мажмуага қарийб 700 миллиард сўм инвестиция йўналтирилган. Бу ерда замонавий меҳмонхоналар, шале услубидаги дам олиш уйлари, ресторанлар, спорт ва кўнгилочар иншоотлар барпо этилган.
Хусусан, тўртта беш қаватли меҳмонхона ҳамда алоҳида бассейнларга эга 51 та бир ва икки қаватли дам олиш уйи қурилган. Меҳмонхоналарда турли тоифадаги хоналар, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар, спа ва бошқа хизмат кўрсатиш ҳудудлари ташкил этилган.
Мажмуада 350 ва 700 ўринли ресторанлар, уч қаватли фудкорт, савдо шохобчалари, очиқ ва ёпиқ спорт иншоотлари, шунингдек, 2,2 минг квадрат метр майдонни эгаллаган аквапарк мавжуд.
Ташриф буюрувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар масканлар ҳам ташкил этилган. Жумладан, 14 турдаги аттракцион, 650 метрлик зиплайн, гравитацион картинг трассалари, родельбан, 800 ўринли амфитеатр, сунъий кўл ва ҳайвонот боғи барпо этилган. Шунингдек, 1 минг 100 та автомобиль учун тўхташ жойи ташкил қилинган.
Мажмуанинг муҳим жиҳатларидан бири – туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилганидир. Шу мақсадда ташкил этилган ўқув марказида меҳмонхона ва ресторан хизматлари бўйича амалий машғулотлар ўтказилмоқда. Ҳозирда Туризм қўмитаси томонидан Кумушкон маҳалласидаги ишсиз ёшлар ўқитилаётган бўлиб, йил якунига қадар 300 нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган.
Хизмат кўрсатиш сифатини халқаро даражага олиб чиқиш мақсадида меҳмонхоналарни бошқариш Туркиянинг “Elite World” компаниясига ишониб топширилган. Меҳмонхона бизнесида 46 йиллик тажрибага эга ушбу компанияни жалб этиш орқали бошқарувга замонавий стандартларни жорий қилиш, хизматлар сифатини ошириш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш кўзда тутилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 600 та янги иш ўрни яратилади. Кунига 6 минг нафаргача ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлиб, йиллик даромад 200 миллиард сўмга етиши кутилмоқда.
Паркент туманида туризм соҳасининг ривожланиши мавжуд имкониятлардан янада кенг фойдаланиш учун замин яратмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманга 198,2 минг нафар хорижий ва 1,4 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Туризм хизматлари экспорти 81,1 миллион долларга етган.
“Олтин бел” каби йирик мажмуаларнинг ташкил этилиши Паркентнинг туристик жозибадорлигини ошириш, сайёҳларнинг ҳудудда узоқроқ қолишини таъминлаш, хизматлар турини кенгайтириш ва маҳаллий аҳоли учун янги даромад манбаларини яратишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуадаги шароитлар билан танишиб, туризм хизматлари сифатини ошириш, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш ва ҳудуднинг туристик имкониятларини янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Шу ернинг ўзида Президентга юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган замонавий қурилиш материаллари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Паркент туманига ташрифи ва бу ерда ишга туширилган йирик лойиҳалар ҳудуд иқтисодиётига янги нафас олиб кирмоқда. Замонавий транспорт алоқаси ва халқаро стандартлардаги сайёҳлик мажмуаларининг уйғунлиги Паркентни нафақат пойтахт аҳолиси, балки хорижий меҳмонлар учун ҳам энг жозибадор манзиллардан бирига айлантириб, пировардида минглаб оилаларнинг фаровонлиги ва ҳаётдан розилигини таъминлашга хизмат қилади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари