Йирик иқтисодчи олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Владимир Васильевич Ким 2021 йил 8 апрелда 92 ёшида вафот этди.
В.Ким 1929 йил 25 сентябрда Россия Федерациясининг Хабаровск ўлкасидаги Бикин шаҳрида туғилди. 1950 йилда Тошкент молия-иқтисод институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни тамомлади.
Бўлғуси олим ўз меҳнат фаолиятини Самарқанд туманида назорат-тафтишчи сифатида бошлади, кейинчалик Тошкент молия-иқтисод институтининг аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати туфайли 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий ва педагогик фаолияти давомида Тошкент халқ хўжалиги институтида (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) кафедра мудири, профессор, проректор, ректор маслаҳатчиси, Ўзбекистон Фанлар академиясида фалсафа, иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари бўйича академик котиб каби масъулиятли лавозимларда фидокорона меҳнат қилди ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иқтисодий муносабатларнинг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Академик В.В.Кимнинг Ўзбекистонда аграр соҳани модернизация қилиш, қишлоқ туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар самарасини ошириш мавзуларидаги илмий тадқиқотлари мамлакатимиз иқтисодиёт фанига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
Олимнинг қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 200 дан зиёд илмий мақолалари, 10 га яқин монографиялари нафақат мамлакатимиз, балки чет эл олимлари ва мутахассислари томонидан ҳам эътироф этилган.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.
В.В.Кимнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Владимир Васильевич Кимнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Йўлдошев