Ўзбекистон-Хитой: Таълим ва илм-фандаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим ва илм-фан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда. Бу муҳим алоқалар икки давлат келажаги учун қандай имкониятлар яратади?
Бугунги шиддат билан трансформациялашаётган глобал дунёда олий таълим муассасалари ўртасидаги халқаро ҳамкорлик шунчаки тажриба алмашиш майдони бўлиб қолмаяпти, балки янги интеллектуал ва маданий феноменларни шакллантиришнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик янги тарихий босқичга қадам қўяётган бугунги шароитда илм-фан ва олий таълим соҳасидаги халқаролашув жараёнлари ҳам мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага кўтарилмоқда.
Ана шундай шароитда мамлакатлар ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети Хитойшунослик олий мактаби бошлиғи Феруза Ҳасанова икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Дарҳақиқат, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бугун таълим соҳасида ҳам ўзининг амалий самарасини бермоқда. Мазкур йўналишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиева бошчилигидаги делегациянинг 2026 йил 5-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Ляонин провинциясига амалга оширган хизмат сафарини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу ташриф нафақат икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди, балки Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамда илмий мулоқотни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеалардан бири сифатида аҳамият касб этди.

Сафарнинг дастлабки куниданоқ ўзаро манфаатли келишувлар учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Жумладан, ТДШУ делегацияси вакиллари Ляонин педагогика университети раҳбарияти билан учрашиб, истиқболдаги йирик лойиҳалардан бири - Ўзбекистон-Хитой цивилизациялараро ўзаро тадқиқот марказининг очилиши билан боғлиқ ташкилий ва мувофиқлаштириш ишларини муҳокама қилди. Музокаралар давомида бўлажак марказнинг концептуал фаолият йўналишлари ва илмий ҳамкорлик платформасининг устувор вазифалари атрофлича кўриб чиқилди. Натижада мазкур марказ Ипак йўли цивилизацияси контекстида икки давлатнинг тарихий-маданий алоқаларини фундаментал ва амалий жиҳатдан тадқиқ этувчи, қўшма илмий грант ва лойиҳаларни шакллантирувчи муҳим платформа сифатида белгиланди.

Шунингдек, икки университет ўртасидаги академик интеграциянинг янги босқичини бошлаб берувчи иккита муҳим ҳужжат имзоланди. Жумладан, “2+2” қўшма таълим дастурини узайтириш тўғрисидаги битим иқтидорли ёшларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сифатида шаклланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Ушбу тантанали маросимда Ляонин педагогика университети Партия қўмитаси котиби, профессор Лю Хун томонидан ТДШУ делегациясига академик ва маданий дўстлик рамзи сифатида илмий китоблар тўплами тақдим этилди.

Таълим сифати нафақат академик кўрсаткичлар, балки талабалар учун яратилган ижтимоий муҳит билан ҳам белгиланади. Шу боис, сафар давомида Ляонин педагогика университетида қўшма дастур асосида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари билан мулоқотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Суҳбатлар чоғида талабаларнинг таълим натижалари, яшаш шароити ва ижтимоий таъминоти муҳокама қилиниб, уларга замонавий ахборот-ресурс марказлари ва рақамли платформалардан самарали фойдаланиш, икки халқ маданиятини боғловчи интеллектуал кўприк вазифасини англаган ҳолда илм йўлида изланишни давом эттириш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, “Хитой-Ўзбекистон гуманитар алмашинуви ва минтақавий цивилизациялар ўзаро тадқиқи” мавзусидаги халқаро илмий конференция ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Унда ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева ва проректор Нодир Каримовга Ляонин педагогика университетининг “Фахрий профессори” унвони тантанали равишда топширилди.

Шэньян шаҳрида ташкил этилган янги шаклдаги “Халқаро Ляонин дўстона шаҳарлар форуми”да иштирок этилди. Форум доирасида хорижий ҳамкорлар ва дипломатик корпус вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, университетнинг халқаро илмий салоҳияти ва қўшма лойиҳалари тақдим этилди ҳамда янги шериклик алоқалари учун асос яратилди.
Бу каби ҳамкорликдан асосий мақсад эришилган келишувларни сифатли ва тизимли равишда амалиётга татбиқ этиш. Хусусан, “2+2” дастури бўйича саралаш жараёнларини такомиллаштириш, ўқув режаларини модернизация қилиш, қўшма фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш, халқаро конференциялар ташкил этиш ҳамда Scopus ва Web of Science базаларида индексланувчи мақолалар сонини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ляонин педагогика университети билан ўрнатилган ушбу янги шаклдаги стратегик шериклик нафақат Тошкент давлат шарқшунослик университетининг халқаро нуфузини оширишга, балки мамлакатимизда кенг дунёқарашга эга янги авлод хитойшунос кадрларни тайёрлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.