Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ҳамкорлиги жадал кенгаймоқда, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли шерикликка бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Ўзбекистонда бўлиб турган Хитой Халқ Республикасининг Сзяочжоу шаҳри мэри Юй Дунсюан бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар давомида Хитой делегациясига компаниянинг инвестиция, экспорт ҳамда логистика имкониятлари тўғрисида тақдимот қилинди ва бу Хитой делегациясида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида кенг бозор имкониятларидан фойдаланишга қаратилган қатор ўзаро манфаатли инвестиция ва экспорт лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, логистика, энергетика, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш соҳаларида ҳамкорлик масалалари, Ўзбекистон ва Хитойда ШҲТ мамлакатлари билан йирик намойиш зоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси омборлари ҳамда марказларини яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Эришилган келишувларга асосан BMB Trade Group компанияси ШҲТнинг интеграциялашган хизмат кўрсатиш платформаси, Хитой импорт ва экспорт ярмаркаси ҳамда ШҲТ савдо ярмаркаси аъзоларидан бирига айланиши мумкин.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2022 йилнинг август ойида BMB Trade Group компанияси Asia-Europe International Material Trade Center (АЕЕХ) билан ҳамкорликда ШҲТ пилот зонасида инвестиция лойиҳалари, бизнес ва савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатадиган ваколатхонасини очган.
Умуман олганда, АЕЕХ билан ҳамкорликнинг ривожланиши миллий маҳсулотларни Хитой ва ШҲТ мамлакатларининг кенг бозорига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради, маҳаллий маҳсулотларни Хитой Халқ Республикасига экспорт ҳажмларини ошириш учун замин яратади.