Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги туризм алоқалари кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм ҳамда фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сони ва сайёҳлар оқими йил сайин ортиб бормоқда.
Бу эса мамлакатимизнинг халқаро туризм бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Хитой Халқ Республикасининг “Loong Air” авиакомпанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм ҳамда фуқаро авиацияси соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, авиақатновлар тармоғини кенгайтириш ва сайёҳлар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда “Loong Air” авиакомпанияси Сиань – Тошкент, Чэнду – Тошкент ҳамда Сиань – Самарқанд йўналишларида мунтазам рейсларни амалга ошириб, икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновларини фаол ривожлантирмоқда.
Учрашувда Хитой Ўзбекистон учун энг муҳим ташқи туристик бозорлардан бири экани алоҳида қайд этилди. Статистик маълумотларга кўра, ўтган 2025 йилда мамлакатимизга 278,9 минг нафардан ортиқ хитойлик сайёҳ ташриф буюрган. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида эса бу кўрсаткич 223,5 минг нафарга етгани икки мамлакат ўртасидаги туристик алмашинувнинг барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.
Музокаралар давомида мавжуд авиақатновлар сонини кўпайтириш, Ўзбекистон ва Хитойнинг бошқа шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш имкониятларини биргаликда ўрганиш, шунингдек, икки томонлама туристик оқимни янада ошириш мақсадида қўшма маркетинг ва реклама кампанияларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, транспорт боғлиқлигини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА