Ўзбекистон-Хитой: нефть саноатида илғор тажриба ва ҳамкорлик
"Ўзбекнефтгаз" АЖ, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда "UNG Overseas" вакилларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасининг Чжаньцзян шаҳрида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида делегация аъзолари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик ускуналардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш қувватларини бошқариш ва маҳсулот сифатини таъминлаш усулларини ўрганди. Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини барқарор ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувларда икки мамлакат мутахассислари нефтни қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий технологик ечимларни амалиётга жорий этиш бўйича фикр алмашди. Хитой тажрибасини маҳаллий корхоналар фаолиятига татбиқ этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, ўрганилган тажриба Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг технологик салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва юқори сифатли нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА