Бухорода ташкил қилинган Хитойнинг Цзясин шаҳри тадбиркорлари саноат кўргазмасида вилоятдаги тармоқ ва ҳудудий саноат корхоналари раҳбарлари, тадбиркорлар ва ташкилотчи масъуллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Хитойнинг Цзясин шаҳридаги “Ўзбекистон – Хитой савдо уйи” раҳбари Чин Ю Пин сўзга чиқиб, иштирок этаётган тадбиркорлар, ўз имкониятларини ошириш ҳисобидан маҳаллийлаштириш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшаётган хитойлик ҳамда маҳаллий бизнес вакиллари, муассасалар, ишлаб чиқариш корхоналари учун муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.
Хитой Халқ Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 5 та давлатлардан бири эканини, ўзаро ташқи савдо айланмаси икки баробарга ўсганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2024 йилда Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 401 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 106 фоизга ўсган. Шунингдек, экспорт ҳажми 23 миллион АҚШ доллари ва импорт ҳажми 378 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
[gallery-22474]
“Хомашёдан тайёр маҳсулотгача” узвий тамойили асосида вилоятда жорий йилда тўқимачилик корхоналари томонидан тўлиқ циклли ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Шу нуқтаи назардан, айни пайтда текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига, бундан ташқари, табиий қазилма-кон ресурси тармоғида табиий қоплама тош, қурилиш ва силикатли маҳсулотлар учун қум, ғишт ва кафель хомашёси, оҳак тош, қурилиш тоши, гипс ва ангидрит, графит, цемент ва бошқа хомашёга бой қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасига, қолаверса, ижтимоий соҳани ривожлантиришда таъминотчи тармоқлар фаолиятини ривожлантиришга сармоя киритишга эътибор кучайтирилмоқда.
Бугунга келиб Бухоро вилоятида 4 та махсус иқтисодий зона фаолият юритаётган бўлиб, саноатга ихтисослашган “Ғиждувон”, “Қоракўл” эркин иқтисодий зоналари, шу қаторда “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки ҳамда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси имкониятлари оширилмоқда.
Ҳозирда вилоятда 450 тадан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, вилоят тадбиркорлари ва Хитой Халқ Республикаси компаниялари ҳамкорлигида 70 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 25 таси Хитой капиталидаги хорижий корхона ҳисобланади.
Ярмарка доирасида “Ғиждувон” эркин-иқтисодий зонаси ҳамда Асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ўртасида икки томонлама Англашув меморандуми имзоланди.
Вилоятда ўтаётган саноат кўргазмаси доирасида Хитой Халқ Республикасининг 50 тадан ортиқ компанияси ўз маҳсулот намуналари ва стендлари билан иштирок этмоқда. Икки кун давом этадиган ярмаркада икки ҳудуд тадбиркорлари ва ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги бизнес музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири.