Бугун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Паррандасаноат” уюшмаси ва Ҳиндистоннинг “Avee broiler pvt.ltd” компанияси вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда томонлар Ўзбекистонда паррандачилик наслчилигини ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига асосий эътибор қаратди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2024 йил 27 июндаги “Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга асосан паррандалар наслчилигида гўшт йўналиши бўйича ривожланган хорижий генетик компаниялар билан музокаралар ўтказиб, тегишли келишувларга эришиш ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
[gallery-18755]
Учрашув чоғида мамлакатимизда чорвачилик соҳаси истиқболига эътибор, ушбу тармоқ ўзида кўплаб йўналишни қамраб олгани қайд этилди. Хусусан, паррандачилик ҳам мазкур тармоқ таркибида бўлиб, бугунги кунда уни янада ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланган.
Музокара давомида гўшт йўналишидаги паррандачиликнинг биринчи тартибли ота-оналарини мамлакатимизда ташкил этиш бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Паррандасаноат” уюшмаси ҳамкорлигида лойиҳа ишлаб чиқилгани ва бу борада қатор ташкилий ишлар амалга оширилгани юзасидан маълумот берилди.
Шундан сўнг “Avee broiler pvt.ltd” компанияси вакиллари ҳам ўз фаолияти ва ҳамкорлик имкониятлари хусусида тўхталиб ўтди.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишда галдаги режаларни белгилаб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА