Сурхондарё вилоятидаги Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида “O‘zbekiston havo yo‘llari” акциядорлик жамияти раҳбарияти ҳамда авиакомпания таркибий бўлинмалари мутасаддилари сайёр қабул ўтказди.
Вилоятдаги ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳоли вакиллари, маҳаллий ва қўшни афғонистонлик тадбиркорлар қатнашган очиқ мулоқотда “O‘zbekiston havo yo‘llari” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг тижорат ва туризм бўйича ўринбосари Шуҳратилло Ядгаров, ташувлар сотуви ва маркетинг департаменти директори Зафар Салимов, ташувлар сотуви бошқармаси бошлиғи Синдор Оллаберганов, юк ташувлари бошқармаси бошлиғи Султансаид Ағзамхўжаев ҳамда бошқалар мамлакатимиз авиация тизимида кейинги йилларда юз берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Авиакомпанияда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаб, йўналишлар тармоғини кенгайтириш, янги хавфсизлик технологиялари ва стандартларини жорий этиш, ички ва минтақавий ташувларни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.


Юзма-юз мулоқот иштирокчилари йўловчи ва юк ташувчилари, чартер қатновлар, авиачипталарни брон қилиш ва сотиш, учувчилар, хусусан, ёшларни учувчиликка тайёрлаш, борт кузатувчиларини ишга қабул қилиш, янги йўналишлар очиш, қалбаки авиачипта сотиш, чет давлатларга янги парвоз йўналишларини очиш, Термиз халқаро аэропортида меҳмонларни кузатиш ва кутиб олишдаги муаммолар юзасидан мурожаат этди.


– Термиз шаҳридаги Мангузар маҳалласида яшайман, – дейди Гулмира Асадова. – Борт кузатувчиси касбига жуда қизиқаман. Авиакомпаниянинг сайёр қабул ўтказаётганини эшитиб, келган эдим. Мутасаддилардан бу соҳага ишга кириш тартиб-таомиллари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдим. Энди шу тавсиялар асосида ҳужжат топширмоқчиман.
Сайёр қабулда айрим мурожаатлар шу ернинг ўзида ечимини топди. Муддат талаб этадиган масала, таклиф ва тавсияларга вақт белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири