Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 17-19 май кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Ушу ташриф давомидаги музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Малайзия Парламенти Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Мохамад ушбу давлат Бош вазири Анвар Иброҳимнинг Ўзбекистонга буюрган расмий ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Ушбу тарихий ташриф натижаларини юқори баҳолайман. Менимча, бу глобал сиёсатда, айниқса, ислом дунёсида тобора фаол роль ўйнаётган қардош давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, – дейди Нур Жазлан Мохамад. – Олий даражадаги музокараларнинг дўстона муҳити Ўзбекистон Президенти ва Малайзия Бош вазирининг ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш истагини намойиш этади.
Икки томонлама муносабатлар тарихида янги боб бизнинг кўз ўнгимизда ёзилмоқда. Икки мамлакат етакчилари ҳалол саноат, банк-молия ва озиқ-овқат саноати билан бир қаторда шерикликнинг бир қатор янги истиқболли йўналишларини, хусусан, рақамлаштириш, «яшил» энергия, сунъий интеллектни эълон қилгани қувонарли.
Ишончим комилки, Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Малайзия бизнес-форуми якунлари иқтисодиётга алоҳида эътибор қаратган ҳолда муносабатлар динамикасига кучли туртки беради.
Мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий фаол парламент дипломатияси тажрибасига таяниб айтишим мумкинки, Малайзия Парламенти Сенати икки томонлама муносабатларини янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшишга тайёр.
Жорий йилнинг июнь ойида республика парламентининг ҳар икки палатаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга шахсан ташриф буюришни режалаштиряпман.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон – Малайзия» парламентлараро дўстлик гуруҳининг навбатдаги учрашуви, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг Куала-Лумпурга ташрифи кун тартибимиздан ўрин олган.
Икки мамлакат ҳукуматлари ташриф якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги чегараларини излашга алоҳида эътибор қаратишларига ишончим комил.
ЎзА мухбири
Марҳабо МАДАМИНОВА ёзиб олди.