Ўзбекистон-Германия: “яшил” иқтисодиётга 9 миллион евро грант жалб этилади
Мамлакатимиз ҳудудларини барқарор ривожлантириш ва “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш мақсадида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан янги келишув имзоланди. Унга кўра, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва “яшил” пилот лойиҳаларни амалга ошириш учун 9 миллион евро миқдорида грант маблағлари жалб этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутасаддилари иштирок этган учрашувда томонлар мазкур келишувга эришди.
Музокаралар давомида томонлар амалга оширилган лойиҳалар натижаларини таҳлил қилиб, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олди. Қайд этилишича, аввал ажратилган грант маблағлари ҳисобига 12 та туман учун комплекс ривожланиш мастер режалари ишлаб чиқилган ва 24 та пилот лойиҳа ижобий баҳоланган.

Хусусан, ушбу лойиҳалар доирасида Шаҳрисабз туманида 500 гектар майдонда агротуризм мажмуаси ташкил этилди. Шунингдек, Амударё, Чимбой, Булунғур, Каттақўрғон, Миришкор, Хива ва Ҳазорасп туманларида касбга ўқитиш марказлари йўлга қўйилди. Бундан ташқари, интенсив балиқчилик хўжаликлари ривожлантирилди, ижтимоий соҳа объектларида энергия тежовчи иссиқлик насослари ўрнатилди, IT ва ҳунармандчилик марказлари ташкил этилди. Ушбу мақсадлар учун жами 1,3 миллион евро грант маблағлари йўналтирилган.
Янги келишувга мувофиқ, 2026-2029 йилларда мазкур ишлар янги босқичга олиб чиқилади. Жумладан, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда сунъий интеллект ва инновацион таҳлил усулларидан фойдаланиш, мавжуд режалар асосида “яшил” пилот лойиҳаларни кенгайтириш кўзда тутилган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, Бахмал, Бойсун ва Сўх туманларида ҳам мастер режалар асосида янги пилот ташаббуслар амалга оширилади. Лойиҳалар самарадорлигини ошириш мақсадида хорижий ва маҳаллий экспертлар жалб этилиб, мутахассислар малакасини оширишга қаратилган ўқув дастурлари, семинар ва тренинглар ташкил этилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА