Ўзбекистон – Германия: кадастр соҳаси истиқболлари муҳокама қилинди
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг «Самарали давлат бошқаруви» дастури доирасида доктор Виктор Кесслер бошчилигидаги миссияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда Кадастр агентлиги тизимида амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар, институционал ривожланиш жараёнлари ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, кадрлар салоҳиятини янада ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, геопортал имкониятларидан самарали фойдаланиш, Ўзбекистонда фазовий маълумотлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва агентлик томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Учрашувда халқаро экспертлар томонидан соҳадаги замонавий ёндашувлар, рақамли трансформация жараёнлари ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Кадастр агентлиги вакиллари томонидан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида кадрлар салоҳиятини ошириш, айниқса тизимда фаолият юритаётган хотин-қизлар малакасини юксалтириш, сунъий интеллект ва Deep Learning технологиялари бўйича билим ва кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, кўчмас мулкни баҳолаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ташаббуси илгари сурилди.
Томонлар мазкур йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
Учрашув якунида Кадастр агентлиги томонидан янги ҳамкорлик ташаббуслари ва истиқболли лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятига тақдим этилишига келишиб олинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА