Ўзбекистон–Германия дуал ва касбий таълим форуми бўлиб ўтди
Германия пойтахти Берлин шаҳрида “Ўзбекистон–Германия дуал ва касбий таълим форуми: рақобатбардош ва малакали кадрлар” мавзусидаги йирик халқаро тадбир бўлиб ўтди. Форум Ўзбекистоннинг Германиядаги Элчихонаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов, Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов, Тюрингия федерал ери вазири Катрина Шенк ҳамда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги вакили доктор Каролина Пробст иштирок этди.

Тадбирда 200 дан ортиқ делегатлар, жумладан, Германиянинг энг йирик иш берувчи компаниялари, Савдо-саноат палаталари, таълим экспертлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари касбий таълимни модернизация қилиш ва миграция жараёнларини тизимлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Форум доирасида Ўзбекистонда дуал таълим тизимини немис тажрибаси асосида ривожлантириш, халқаро қўшма дастурлар ва тил ўргатиш стандартларини (telc, ÖSD) жорий этиш орқали кадрлар малакасини ошириш, Ўзбекистон ёшларини Германияда қонуний, тизимли ва кафолатланган иш билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Форумнинг энг муҳим амалий натижаси сифатида Касбий таълим агентлиги томонидан Германиянинг етакчи ташкилотлари билан жами 14 та марказий ҳамкорлик ҳужжати имзоланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва касбий маҳорат техникумлари немис ҳамкорлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатди.

Тадбир якунида ташкил этилган миллий қабул маросимида германиялик иш берувчилар ва расмий доира вакиллари ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, миллий таомлари ва бой маданий қадриятлари билан яқиндан танишди. Бу, ўз навбатида, икки давлат ўртасида нафақат иқтисодий, балки инсоний алоқаларни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ушбу форум Ўзбекистон касбий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва мамлакатимиз ёшлари учун Европа меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш имкониятларини очишда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА