Бугун, 16 октябрь куни VI "Ислом бирдамлиги" ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тошкентдаги “Юнусобод” спорт мажмуасида Қозоғистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
Кеча миллий терма жамоамиз аъзолари ушбу учрашув олдидан ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.

Мураббийлар штаби рақиб жамоанинг ўйин услубини чуқур таҳлил қилган ҳолда машғулот давомида футболчилар билан танланган тактика ва комбинацион жараёнлар устида иш олиб борди.
Кеча мазкур ўйинда қатнашадиган футзал бўйича Қозоғистон миллий терма жамоаси Тошкентга етиб келди.

17 нафар футзалчидан иборат Қозоғистон терма жамоаси ФИФА тақвимига мувофиқ, 19 октябрга қадар пойтахтимизда Ўзбекистон терма жамоаси билан ҳамкорликдаги қўшма ўқув-машғулот йиғинида иштирок этади.
Ўзбекистон-Қозоғистон футзал терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик баҳси бугун, соат 17:00 да пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бошланади.
Эслатиб ўтамиз, VI “Ислом бирдамлиги” ўйинлари жорий йилнинг 22-31 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА