Замонавий рақамли технологиялар, айниқса, сунъий интеллект, дунё давлатлари учун янги имкониятларни яратибгина қолмай, янги мураккабликларни ҳам туғдиради.
Сунъий интеллект технологиялари билан боғлиқ муаммоларга нафақат дунёдаги етакчи давлатлар, балки ривожланаётган мамлакатлар ҳам катта қизиқиш билан эътибор қаратмоқда. Хусусан, Франция Европанинг етакчи технологик марказларидан бири сифатида сунъий интеллект соҳасида ўзига хос ютуқларга эришмоқда. Бу борада бошқа давлатлар билан изчил ҳамкорлик қилмоқда.
Францияда сунъий интеллект тадқиқотлари ва инновацияларни қўллаб-қувватловчи йирик марказлар, университетлар ва технопарклар мавжуд. Мамлакат ҳукумати сунъий интеллект технологиялари ривожини давлат стратегияси сифатида кўради. Хусусан, 2018 йилда бу борада ташаббусини бошлаб, соҳага миллиардлаб евро маблағ ажратди. Бундан ташқари, Париж дунёнинг энг йирик сунъий интеллект стартаплари ва халқаро ҳамкорликлар марказига айланган.
Франциянинг етакчи олий таълим даргоҳлари сунъий интеллект бўйича дунёга машҳур тадқиқотлар олиб боради.
Ўзбекистон ҳам кейинги йилларда рақамли трансформация ва технологик ривожланишга катта эътибор бермоқда. Мамлакатда сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили ва автоматлаштириш соҳаларида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилиниб, сунъий интеллект ва бошқа замонавий технологияларни жорий этиш мақсад қилинган. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралда “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжат доирасида қишлоқ хўжалиги, банк, молия, транспорт, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, энергетика, солиқ ва бошқа устувор тармоқларда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилди.
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрда “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказилади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш мақсад қилинган. Сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини ўнтага етказиш ҳамда юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш кўзда тутилган. Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида.
Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ва Франция ўртасида Амир Темур давлатчилиги пайтида ҳам ўзаро алоқалар бошланган ва элчилар орқали мактублар алмашилган. Ватанимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон дунёнинг турли мамлакатлари билан бўлганидек, Франция билан ҳам сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ўрнатди.
Шу билан бирга, 2025 йилнинг 10 мартида Франциянинг Париж шаҳрида «Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги» анжумани ташкил этилди. Мазкур анжуманда икки давлатнинг нуфузли олий ўқув юртлари ректорлари, таълим ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Унда таълимда инновацион технологиялар бўйича тажриба алмашиш, олий таълим муассасалари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, халқаро тажриба асосида таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Ўзбекистон ва Франциянинг сунъий интеллект йўналишидаги ҳамкорлиги кўплаб йўналишларда амалга оширилиши мумкин. Хусусан, Франциянинг етакчи университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича мутахассислар тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Магистратура ва докторантура дастурларини жорий этиш, ўқитувчилар ва талабалар учун алмашинув дастурларини ташкил этиш ҳам яхши самара беради. Илмий- тадқиқот ва инновациялар йўналишида эса икки мамлакат илмий марказлари ўртасида қўшма лойиҳалар ҳамда тадқиқотлар олиб бориш лозим. Шунингдек, Франциянинг технологик экотизими ва Ўзбекистондаги ёш стартаплар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма форумлар, кўргазмалар ва тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон ва Франция ўртасида сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик нафақат икки мамлакат, балки бутун дунё учун фойдали бўлиши мумкин.
Бахтиёр МАҲКАМОВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги
Тошкент ахборот технологиялари университети ректори, профессор.
ЎзА