Ўзбекистон ФИФА рейтингида юқорилади
Кеча Эронга қарши ўтказилган учрашувдаги ғалаба Ўзбекистон миллий терма жамоасига нафақат тарихий натижа, балки ФИФА рейтингидаги янги поғонани ҳам тақдим этди.
Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ФИФА кунлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Унда вакилларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, «оқ бўрилар» тарихда илк бор Эрон терма жамоаси дарвозасига бир ўйинда учта тўп киритишга муваффақ бўлди. Ғалаба Ўзбекистон терма жамоасига 6,83 рейтинг очкосини тақдим этди. Натижада жамоамиз жами 1416,56 очко билан ФИФА рейтингида бир поғона юқорилаб, 59-ўриндан жой олди.

Маълумот учун, Фабио Каннаваро шогирдларининг навбатдаги ўртоқлик учрашуви 1 октябрь куни Тошкентда Сурияга қарши ўтказилади. 6 октябрь куни эса терма жамоамиз сафарда Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА