Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш, хусусан, халқимизга сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни етказиб бериш, импорт ва экспортни қулай шароитда ташкил қилиш борасида дунёнинг кўплаб давлатлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Куни кеча мазкур ҳамкорлик доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг бир гуруҳ фармацевтика компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Фармацевтика бозорини ўрганиш, юртимиз маҳаллий тиббиёт маҳсулотлари экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ташкил этилган мазкур учрашув агентлик директори Улуғбек Эгамовнинг юртимизда соҳа ривожи йўлида яратилган имкониятлар ҳамда фармацевтикамизнинг истиқболлари ҳақидаги тақдимоти билан бошланди. Сўнгра фаолияти дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни импорт ва экспорт қилишга йўналтирилган Хитой савдо палатаси (CCCMHPIE) вакиллари билан музокаралар олиб борилди.
1989 йил ташкил топган CCCMHPIE Хитойнинг фармацевтика соҳасида халқаро савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланувчи энг йирик ва ишончли миллий саноат ассоциацияси ҳисобланади. Ташкилот 2400 дан ортиқ корпорацияни, жумладан, Хитойнинг фармацевтика ва тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ҳамда сотувчи йирик компанияларини бирлаштирган. Бундан ташқари, CCCMHPIE анъанавий хитой тиббиёти (ТCМ), тиббий буюм ва ускуналар, биофармацевтика препаратлари, функционал косметика ва соғлиқ учун фойдали маҳсулотларни ҳам ўз ичига олади.
Учрашув доирасида, шунингдек, агентлик вакиллари Хитойнинг “China Meheco Group Co., Ltd” корхонаси билан ҳам истиқболли алоқаларни ўрнатди.
Инсон саломатлигини мустаҳкамлаш ва фармацевтика саноатини ривожлантириш билан шуғулланувчи “China Meheco Group Co., Ltd” корхонаси таъминот занжирини мувофиқлаштиришда фойдаланадиган тарқатиш тизимини яратган. Халқаро савдода етакчи ўринни эгаллаган корхона ҳукумат лойиҳаларида ҳам алоҳида ваколатга эга.
Учрашув давомида Хитойнинг вакцинани тадқиқ қилиш, ишлаб чиқариш ҳамда тарқатишга ихтисослашган “Beijing Yiyuanli Biotechnology Co., Ltd.» замонавий биотехнология корхонаси билан ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА