Европанинг етакчи телеканалларидан бири — "Euronews" Ўзбекистон фармацевтика тармоғининг сўнгги йиллардаги жадал ривожланишига бағишланган махсус кўрсатувни намойиш этди. Кўрсатувда мамлакатимизда соҳага кенг инвестициялар жалб этилаётгани, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани, инновацион лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида батафсил сўз юритилади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда фармацевтика саноатида инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошган. Мамлакатда 2020-2025 йилларга мўлжалланган фармацевтика саноатини ривожлантириш стратегияси қабул қилинган бўлиб, унда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сифат стандартларини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кўрсатувда “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Эътироф этилганидек, кластерда замонавий лабораториялар фаолият юритади ва маҳаллий доривор маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли линиялар ўрнатилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу кластер фармацевтика соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва янги дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим марказ ҳисобланади.
Шунингдек, кўрсатувда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз боради. Мамлакат бу борада Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқда.
Мамлакатда сифат стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқариш учун халқаро стандартлар – GMP жорий этилмоқда. Бу эса маҳаллий дориларнинг халқаро бозорда рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 55 та GMP сертификатига эга дори воситалари ишлаб чиқарувчилар фаолият юритаётган бўлса, улар йиллик бир неча минг турдаги доривор маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, янги заводлар барпо этилаётгани ва мавжудлари модернизация қилиниши натижасида соҳада йилдан-йилга ўсиш кузатилмоқда.
“Euronews” телеканалининг мазкур кўрсатуви Ўзбекистон фармацевтика саноатининг халқаро миқёсдаги салоҳиятини намойиш этиш ва мамлакатда соҳага берилган давлат эътиборини кенг аудиторияга етказишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА