Инновацион ривожланиш вазирлигида Эрон Ислом Республикаси вице-президентининг мамлакатимизга ташрифи доирасида «Ўзбекистон - Эрон фан ва инновация форуми» ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатларимиз ўртасида имзоланган «Илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги Англашув меморандуми био- ва нанотехнологиялар, ахборот-коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб илмий соҳаларда алоқалар кенгайишига хизмат қилмоқда.
— Яқинда Президентимиз томонидан тасдиқланган «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегияси» мазкур соҳада давлат идоралари ва ташкилотлари саъй-ҳаракатини бирлаштиришга қаратилган ҳужжат бўлиб, мазкур стратегия амалга оширилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади, — деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Қолаверса, Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик йиллар давомида изчил ривожланиб келмоқда. Ҳозир юртимизда 400 га яқин Эрон сармояси иштирокидаги корхона фаолият юритяпти.
[gallery-7976]
Анжуман доирасида Эрон Ислом Республикасининг илм-фан ва технологиялар бўйича вице-президенти Сорена Сатторий ҳам сўзга чиқди.
Тадбир доирасида ташкил этилган Ўзбекистон ва Эрон компаниялари маҳсулотлари кўргазмасида икки мамлакат корхона ва ташкилотларининг инновацион ишланмалари намойиш қилинди. Кўргазмада Эрон томонидан тиббиёт, чорвачилик, озиқ-овқат ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритувчи 35 етакчи инновацион компания маҳсулот ҳамда лойиҳалари билан қатнашди.
Мамлакатларимиз ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тиббиёт, ахборот технологиялари, озиқ-овқат саноати каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида кўргазма доирасида «В2В» учрашувлар ҳам ўтказилди.
Форум сўнгида хорижий ва маҳаллий ташкилот вакиллари ўртасида бир қатор шартномалар имзоланди.
Улуғбек Маҳмирзаев, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА