Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Франция пойтахти Париж шаҳрида давом этаётган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқда.
Улуғбек Азизов ва Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги дзюдочиларимиз икки кунлик баҳслар якунига кўра 4 та олтин, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Диёра Келдиёрова (-52 кг), Дилшоджон Баратов (-60 кг), Давлат Бобонов (-90 кг) ва Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг) жаҳон чемпионига айланган бўлса, Шоҳруҳхон Бахтиёров (+100 кг) бронза медалига сазовор бўлди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни бразилиялик дзюдочилар 3 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза медали билан банд этган бўлса, кучли учликка мезбонлар – Франция терма жамоаси 3 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медали билан якун ясади. Австрия 2 та олтин, Россия ва Словакия терма жамоалари 1 тадан олтин медални қўлга киритди.
Энди вакилларимиз жамоавий йўналишда ҳам олтин медаллар учун баҳс олиб боради. Бўлажак беллашувларда дзюдочиларимизга омад тилаймиз.


Зиёдулла Жонибеков, ЎзА