Муносабат
Ўзбекистон бугун глобал мулоқот, тинчликпарвар ташаббуслар ва минтақавий ҳамкорликни шакллантиришда фаол иштирокчи сифатида тан олинмоқда. Бу эътибор мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ, прагматик ва стратегик режалаштирилган ташқи сиёсат натижасидир.
Кейинги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсат тизими тубдан янгиланди. Хусусан, сўнгги тўққиз йилда хорижда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилди. Натижада элчихоналар сони 60 тага етди. Дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 та бўлди. Бу мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширди. Ташқи иқтисодий, сиёсий ва гуманитар ҳамкорликларнинг амалий салоҳиятини ҳам кенгайтирди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Йиғилишда иштирок этган элчилар ҳамда халқаро ташкилотлардаги доимий вакиллар фикрларида ташқи сиёсатимизнинг янги босқичи яққол акс этди.
Ғайрат ФОЗИЛОВ,
Бельгиядаги Фавқулодда ва мухтор элчи:
– Йиғилиш жуда очиқ, танқидий ва амалий руҳда ўтди. Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар шунчаки йўл-йўриқ бўлмади. Бутун дипломатик хизмат учун стратегик дастур бўлди. Бизнинг зиммамизга қўйилган масъулият Ўзбекистоннинг жаҳондаги нуфузини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтириш ва давлат манфаатларини юқори даражада ҳимоя қилишдан иборат.
Европа Иттифоқи вакиллари билан мулоқотларда Ўзбекистон ҳақидаги тасаввур бутунлай ўзгарганини айтишим мумкин. Бу минтақа билан муносабатларимизда сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Бундай имкониятлар доирасида биздан фаоллик, ташаббускорлик, тезкор қарор қабул қилиш ва ҳар бир имкониятни мамлакат манфаатлари йўлида ишлатиш талаб этилади.
Шунингдек, йиғилишда “элчихона – вилоят” ҳамкорлиги янги форматда йўлга қўйилаётгани таъкидланди. Бу эса маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига олиб чиқиш, ҳудудлар салоҳиятини глобал майдонда тарғиб қилиш ва инвесторлар учун аниқ лойиҳалар таклиф этиш имконини беради.
Албатта, миграция, туризм, таълим ва технологик алмашинув йўналишларида ҳали очилмаган улкан имкониятлар бор. Биз ушбу йўналишларда изчил ишлаб, натижани амалда кўрсатишимиз шарт.
Элдиёр ТОШМАТОВ,
Женевадаги БМТ бўлинмаси ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакил:
– Женева халқаро дипломатиянинг энг муҳим нуқталаридан бири саналади. Биз фаолият юритаётган майдонда Жаҳон савдо ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилоти каби йирик тузилмалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Президентимиз белгилаб берган вазифалар умумий характерга эга эмас. Улар аниқ, манзилли ва амалда ижроси талаб этиладиган устувор йўналишлардир. Хусусан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни диққат марказимизда. Бу мамлакатимиз иқтисодиётига халқаро стандартларни жорий этиш, экспортни кенгайтириш ва маҳаллий бизнес учун глобал бозорга чиқиш эшикларини очади.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик эса меҳнат стандартларини юксалтириш ва инсон капитали салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлади.Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан лойиҳалар бўлса аҳолининг соғлиғи, тиббий хизматлар сифати ва профилактик дастурлар учун катта имкониятлар.
Халқаро миграция ташкилоти билан муносабатлар мамлакатимиз меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим. Чет элдаги ҳамюртларимизга қулай шароитлар яратиш, қонуний миграция каналларини такомиллаштиришда бу ишлар долзарб аҳамият касб этади.
Биз бу йўналишларда нафақат мулоқотни кучайтирямиз, балки аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиб, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда амалга оширяпмиз. Чунки асосий мақсад Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига хизмат қиладиган натижаларни таъминлаш.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА