Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг конфессиялараро мулоқотга бағишланган иккинчи конференциясида иштирок этмоқда.
Ушбу нуфузли тадбирда дунё мамлакатларидан парламент аъзолари, диний раҳбарлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва ёшлар қатнашмоқда.

Анжуман доирасида ўтказилган турли мавзулардаги сессиялар ва юқори даражадаги панель муҳокамаларида дунё миқёсидаги диний тоқатсизлик, конфессиялараро низолар ва уларнинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича амалий ечимлар муҳокама қилинди.
Хусусан, давлатлар ўртасидаги тарихий ва этно-конфессиявий зиддиятлар, уларни бартараф этишда барқарор динлараро мулоқот механизмларини жорий этиш, диний масалаларда бағрикенглик маданиятини шакллантириш орқали тинч ва барқарор жамият қуриш, ёшларнинг ушбу жараёнлардаги фаол иштироки ҳамда бағрикенглик ва ўзаро тушуниш маданиятини кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, дунё миқёсидаги диний зиддиятларни юмшатиш ва глобал бағрикенглик муҳитини шакллантиришга оид қатор тавсиялар илгари сурилди.
Н.Абдураимова, ЎзА