Франциянинг Aвиньон шаҳрида 5-26 июль кунлари 79-халқаро «Aвиньон» театр фестивали ўтказилмоқда.
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри жамоаси режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Искандарова томонидан саҳналаштирилган «Масхарабоз шоу» («Clown show») спектакли билан тарихда илк маротаба ушбу нуфузли фестивалда иштирок этмоқда.
«Масхарабоз шоу» – ўзбек миллий урф-одат ва қадриятларини миллий ва замонавий рақслар, шоу чиқишлар ва импровизациялар билан томошабинга тақдим этади.
Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Баҳодир Aҳмедов, Бахтиёр Турғунов, Aсқар Ҳикматов, Науфал Сулаймонов, Файзулла Aсқаров каби актёрлар иштирокидаги «Масхарабоз шоу» («Clown show») спектакли дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторида Ўзбекистон номидан “Aвиньон” театр фестивали дастуридан ўрин олган.
Айтиш керакки, мазкур фестивалда турли жанрда ва ранг-баранг услубларда саҳналаштирилган спектакллар намойиш этилади.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири