Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.
Бугун, 25 апрель куни Тошкент шаҳрида Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон – Чехия ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтириш, томонларнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, янги истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, икки томонлама алоқаларни жадаллаштириш, ўзаро муносабатларнинг кўламини кенгайтириш ва янада чуқурлаштириш бўйича фикр алмашилди.
Таъкидландики, Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 50 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,6 баробар ошган.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Шундан сўнг, делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон-Чехия бизнес форумининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ўзбекистон ва Чехия муносабатлари ривожланиб бораётгани, ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётгани алоҳида таъкидланди.
Петр Фиала Ўзбекистон деганда илгари фақат битта сўз, яъни пахта тушунилгани, бугунги кунга келиб эса Ўзбекистон тез ва барқарор ривожланаётган, ялпи ички маҳсулот ўсишини сақлаб қолаётган давлатга айланганини қайд этди. Ўзаро ҳамкорлигимиз ривожланиб, ўтган йилда товар айланмаси рекорд даражада ўсгани кузатилди. Ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эгалигимиз таъкидланди.
Айтиб ўтиш жоизки, Чехия Республикаси мамлакатимизнинг Европадаги энг муҳим ҳамкорларидан бири саналади. Кейинги пайтда, айниқса, иқтисодий, инвестициявий муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, ўзаро савдо алоқалари учун қулай муҳит яратилди. Натижада товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ортмоқда. Хусусан, 2022 йил давомида ўзаро савдо ҳажми 184,8 миллион АҚШ доллари, жумладан, экспорт – 30,5 миллион АҚШ доллари, импорт – 154,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Чехияда юртимизда ишлаб чиқарилган табиий мато ва газламалар, шунингдек, хизматларга талаб катта бўлса, ўз навбатида, мамлакатимизга фармацевтика маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электротехника буюмлар етказиб берилади.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» шаклидаги учрашувларда 50 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирок этди ҳамда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
[gallery-11578]
Умуман, бугунги тадбирлар Ўзбекистон ва Чехия компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича чех компанияларининг тажрибаси тақдимотлари ўтказилди. Янги қўшма корхоналарни ташкил этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА