Озарбайжонлик ёшлар Ўзбекистон спорт таълимига жалб этилади
Мамлакатимизда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, чет эллик талаба ёшларни мамлакатимиз спорт таълимига жалб этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда куни кеча Ўзбекистон давлат спорт академияси ҳамда Озарбайжоннинг “ULUS EGE GROUP” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Келишувга кўра, келгусида Озарбайжон фуқароларини спорт академиясида таҳсил олишга жалб этиш, уларга мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга қабул қилиш тартиби ҳақида ахборот кўмагини кўрсатиш назарда тутилган.
Меморандумни имзолаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев ҳамда “ULUS EGE GROUP” директори Микайил Мирзазода озарбайжонлик ёшларнинг мамлакатимизда таҳсил олиш учун яратиладиган шарт-шароит ва қулайликлар икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг мантиқий давоми эканлигини билдиришди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг халқаро таълим майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш, хорижий талабалар учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда спорт таълими соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА