Ўзбекистон ва БМТ аёллар тузилмаси ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, муносиб иш ўринлари яратиш каби йўналишлар янада ривожлантирилади.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва БМТ аёллар тузилмасининг Ўзбекистон бўйича менежери Жерен Гувен Гурес учрашувида айнан шу масалалар эътибор марказида бўлди.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлатлардан бири сифатида аниқ чора-тадбирларни, жумладан, 2030 йилгача бўлган гендер тенгликка эришиш бўйича стратегияни амалга ошираётгани қайд этилди. “Ўзбекистон–2030" стратегиясида белгиланган вазифалар БМТнинг ғоялари билан ҳамоҳанг экани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, келгусида биргаликда амалга ошириладиган режалар, ҳамкорликда ўтказиладиган халқаро тадбирлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА