Ўзбекистон – бинолар секторига бағишланган алоҳида миллий мослашув режасини эълон қилган ягона мамлакат
БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури Глобал бинолар ва қурилиш альянси билан ҳамкорликда «Бинолар ва қурилиш секторининг глобал ҳолати тўғрисидаги 2025–2026 йиллар ҳисоботи»ни эълон қилди. Ҳужжатда бинолар секторини декарбонизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини таъминлаш бўйича эришилган натижалар Глобал бинолар иқлим трекери асосида баҳоланган. Тадқиқот 2015-2024 йилларда секторнинг еттита асосий индикатори бўйича маълумотларни қамрайди ва 30 дан ортиқ мамлакатнинг миллий сиёсатига оид мисолларни ўз ичига олади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Саламат Бегманов жаҳон қурилиш секторининг ривожланиш натижалари, 2030 йилгача бўлган иқлим мақсадлари ҳамда биноларни иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Бинолар ва қурилиш сектори жаҳон ЯИМининг 10 фоиздан ортиғини таъминлайди ва дунёдаги ҳар ўн нафар банд аҳолининг қарийб бир нафари шу соҳада меҳнат қилади. Сектор ҳиссасига глобал CO₂ чиқиндиларининг учдан бир қисмидан ортиғи ва дунёда истеъмол қилинадиган материалларнинг қарийб ярми тўғри келади.
2024 йилда дунёдаги биноларнинг умумий майдони 1,7 фоизга ўсиб, 273 млрд кв. метрга етди. Мазкур майдон Найроби ҳудудидан беш баравар, Деҳлидан икки баравар, Берлин ёки Нью-Йоркдан тўрт баравар, Рио-де-Жанейродан уч баравар катта ҳудудга тенг.
Турар жой фонди дунёдаги бинолар умумий майдонининг 77 фоизини ташкил этади ва бинолардаги жами энергия талабининг 70 фоизини таъминлайди. 2024 йилда турар жой фонди майдони 3,4 млрд кв. метрга, нотурар жой бинолари эса 1,3 млрд кв. метрга кўпайди. 2050 йилга келиб мавжуд бўладиган бинолар фондининг қарийб 50 фоизи ҳали қурилиши керак.
Глобал бинолар иқлим трекери еттита индикатордан иборат йиғма индекс бўлиб, секторнинг 2050 йилга қадар ноль даражадаги чиқиндиларга эришиш йўлидаги натижаларини кузатиб боради.
2024 йилда индекс мақсадли 52 пунктдан атиги 2,8 пунктга етган. Амалдаги кўрсаткич билан белгиланган мақсад ўртасидаги тафовут 49,3 пунктни ташкил этмоқда.
Сектор зарур траекториядан 3,5 Гт CO₂га ортда қолмоқда. 2030 йилгача белгиланган йўналишга чиқиш учун чиқиндилар 2024 йил даражасига нисбатан 56 фоизга қисқариб, 4,4 Гт CO₂гача тушиши керак.
Бинолардан фойдаланиш жараёнидаги эксплуатацион чиқиндилар 2024 йилда 1 фоизга ўсиб, 9,9 Гт CO₂га етди. 2015 йилга нисбатан ўсиш 6,5 фоизни ташкил этди.
Шу даврда энергия истеъмоли 11 фоизга, бинолар фонди майдони эса 20 фоизга ўсди. Мазкур нисбат бинолар фонди кенгайиши ва чиқиндилар ўсиши ўртасида қисман ажралиш кузатилаётганини кўрсатади.
Қурилишда ишлатилган цемент, пўлат ва алюминий ишлаб чиқариш билан боғлиқ чиқиндилар 2024 йилда қарийб 2,1 Гт CO₂, яъни глобал чиқиндиларнинг 9 фоизини ташкил этди ва сўнгги йилларда деярли ўзгармади.
Қурилиш сектори дунёда қазиб олинадиган материалларнинг қарийб ярмини истеъмол қилади. Цемент, клинкер, ғишт, гил, пўлат, алюминий, мис ва бошқа металлар материаллар билан боғлиқ чиқиндиларнинг 55 фоизини ҳамда бинолар сектори жами чиқиндиларининг 18 фоизини ташкил этади.
2015 йилдан буён бинолар фондининг энергия интенсивлиги 8,5 фоизга камайди. Бу Халқаро энергетика агентлигининг ноль чиқиндилар сценарийси (NZE) бўйича зарур қисқаришнинг ярмидан ҳам кам.
2030 йилга қадар энергия интенсивлигини амалдаги даражага нисбатан яна 25 фоизга камайтириш талаб этилади.
Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатларида биноларнинг энергияга талаби 2010 йилдан буён 37 фоизга ошди, 2023-2024 йилларда ўсиш суръати 1 фоизгача секинлашди. Дунё аҳолисининг 20 фоизи ушбу минтақада яшашига қарамай, унинг ҳиссасига бинолардаги глобал энергия талабининг атиги 10 фоизи тўғри келади.
Минтақада электр энергиясидан фойдаланиш имконияти 2015 йилдаги 39 фоиздан 2023 йилда 53 фоизга етди.
Кондиционерлар ҳиссаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда бинолар умумий энергия истеъмолининг 4 фоизини ташкил этади. Совитишга бўлган энергия талаби 2015 йилдан буён 70 фоизга ошди.
Биноларни энергия билан таъминлашда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 2015 йилдан буён 4,7 фоиз пунктга ошиб, 2024 йилда 17,3 фоизга етди.
Бу зарур ўсишнинг атиги тўртдан бир қисмига тенг. 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткични 46 фоизга, яъни яна 29 фоиз пунктга ошириш талаб этилади.
Биноларнинг ўз электр генерацияси, жумладан томларга ўрнатилган қуёш панелларининг ҳиссаси бутун давр мобайнида деярли ўзгармасдан, қарийб 5фоиз даражасида қолган.
Биноларда электр энергиясига талаб қарийб 26 фоизга ошди. Ривожланган мамлакатларда электр энергияси биноларнинг якуний энергия истеъмолининг 33 фоизини, ривожланаётган иқтисодиётларда эса 23 фоизини ташкил этади. Ривожланаётган мамлакатларда анъанавий биомасса ҳали ҳам энергия истеъмолининг қарийб 15 фоизини таъминлайди.
2025 йил ўрталарига келиб бинолар учун энергетик кодекслар дунёдаги янги қурилишларнинг қарийб 60 фоизини қамраб олган.
Юқори даромадли мамлакатларда бундай талаблар кенг қўлланилади. Ривожланаётган иқтисодиётларда қамров анча паст бўлиб, тегишли талаблар Африка мамлакатларининг атиги 20 фоизида, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг эса 29 фоизида жорий этилган.
2015 йилдан буён фақат икки мамлакат — Канада ва АҚШ — ноль чиқиндили бинолар (Zero Emission Buildings — ZEB) тамойилларига тўлиқ мос келадиган кодексларни жорий қилган. Шу билан бирга, дунёдаги амалдаги мажбурий кодексларнинг бирортаси ҳам ушбу тамойилларга ҳозирча тўлиқ жавоб бермайди.
2030 йилга қадар бундай мамлакатлар сонини 95 тага етказиш мақсад қилинган.
2015-2024 йилларда дунё бўйича берилган «яшил» қурилиш сертификатларининг умумий сони қарийб уч бараварга ошди. Дунёда 40 дан ортиқ сертификатлаш тизими амал қилса, ҳисоботда уларнинг 14 та энг йириги кузатиб борилади.
Сертификатлаш ўсишининг йиғма индекси 2024 йилда 14,6 пунктга етди ва 2015 йилга нисбатан 13,6 пунктга ошди. 2024 йилда рекорд даражадаги йиллик ўсиш — 2,3 пункт қайд этилди.
2050 йилгача бўлган траекторияга мувофиқ ҳаракатланиш учун мазкур индекс 2030 йилда 33,9 пунктга етиши керак.
Биноларнинг энергия самарадорлигига глобал инвестициялар 2024 йилда 275 млрд. АҚШ долларига етди. Бу 2015 йилга нисбатан 38 фоиз, 2023 йилга нисбатан эса 3 фоиз кўп.
2015 йилдан буён жамғарилган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 2,3 трлн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2050 йилга қадар ноль чиқиндилар траекторияси доирасида 2030 йилгача талаб этиладиган 5,9 трлн. АҚШ долларилик жами инвестиция даражасидан 3,6 трлн. АҚШ долларига кам.
2025 йилга келиб ривожланаётган мамлакатлар жами 75 та миллий мослашув режасини (National Adaptation Plans — NAP) тақдим этди. Бу ҳисоботнинг аввалги нашри давридагига нисбатан 17 тага кўп. Ривожланган мамлакатлар эса яна 10 та миллий мослашув режасини тақдим этган.
Ўзбекистон 2025 йилда айнан бинолар секторига бағишланган алоҳида миллий мослашув режасини эълон қилган дунёдаги ягона мамлакат бўлди.
Ҳужжат қурилиш нормаларини такомиллаштириш, мавжуд бинолар фондини реконструкция қилиш, «яшил» инфратузилмани ривожлантириш ва махсус молиялаштириш механизмларини яратиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутади.
2025 йил ноябрь ойида Бутунжаҳон муҳандислик ташкилотлари федерацияси бинолар ва инфратузилманинг бутун ҳаётий циклига иқлим ўзгаришига мослашув чораларини интеграция қилиш бўйича 15 та тавсия эълон қилди.
COP30 доирасида эса Глобал бинолар ва қурилиш альянси «Мослашув йўллари» (Adaptation Pathways) дастурий асосини тақдим этди.
Ҳукуматларга биноларни иситиш ва овқат тайёрлашда қазилма ёқилғилардан босқичма-босқич воз кечиш режаларини қабул қилиш, биноларни чуқур реконструкция қилиш дастурларини кенгайтириш ҳамда давлат харидларидан биноларни энергия билан таъминлашда кам углеродли ечимларни рағбатлантириш воситаси сифатида фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Энергетик кодексларни энергия самарадорлиги ва энергия етарлилиги тамойиллари асосида янгилаш, мавжуд бинолар учун минимал стандартларни белгилаш, иситиш ва совитишнинг пассив ечимларини кенг қўллаш зарур.
Биноларни қайта тикланувчи манбалар асосида иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлашни фақат энергетика соҳасининг вазифаси сифатида эмас, балки технологик ечимларни кенг жорий этиш масаласи сифатида кўриб чиқиш тавсия қилинади.
Парник газлари чиқиндиларини қисқартириш режаларига биноларнинг энергетик кодекслари, энергия таъминоти, маиший техника самарадорлиги, «яшил» сертификатлаш, қурилиш материаллари етказиб бериш занжирлари ва циркуляр иқтисодиёт, шаҳарсозлик ҳамда молиялаштириш бўйича батафсил стратегияларни киритиш мақсадга мувофиқ.
«Яшил» сертификатлаш тизимларидан декарбонизация сиёсатини кучайтириш воситаси сифатида фойдаланиш, уларни миллий шароитларга мослаштириш ҳамда энергетик кодекслар, давлат харидлари талаблари ва ижтимоий уй-жой дастурлари билан уйғунлаштириш тавсия этилади.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди, ЎзА