Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида савдо айланмаси ҳажми кескин ортгани қайд этилди
Тожикистоннинг «Ховар» агентлиги ёзишича, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида савдо айланмаси жорий йилнинг биринчи чорагида сезиларли равишда ошган.
Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқий Завқийзоданинг агентликка берган маълумотида айтилишича, Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов билан музокаралар бўлиб ўтган.
Учрашувда Завкийзода Ўзбекистон Тожикистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидан бири эканини алоҳида қайд этган.
Хабарда таъкидланишича, 2021 йилнинг биринчи чорагида икки мамлакат ўртасида амалга оширилган савдо айланмаси ҳажми 104 миллион АҚШ долларидан ошган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 23,1 миллион долларга кўпдир.
Музокаралар чоғида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдириб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар бўйича бирга ишлаш, Тожикистон Республикасининг эркин иқтисодий ҳудудларида қўшма корхоналар ташкил қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган. Шунингдек, хабарда макроиқтисодиётни прогнозлаштириш, электрон савдо ва савдони соддалаштириш масалалари ҳам муҳокама қилингани айтилмоқда.