Ўзбекистон – Беларусь: хавфсизлик ва қутқарув соҳасидаги амалий шериклик мустаҳкамланмоқда
Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида нафақат савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, балки аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш йўналишида ҳам яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Ана шундай долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва идоралараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов ҳамда Беларусь Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Вадим Синявский ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ ва конструктив руҳда кечган музокаралар давомида икки давлат қутқарув тузилмалари ўртасидаги амалий шерикликни янги поғонага олиб чиқишга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришилди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Беларусь қутқарув идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум ҳамда бошқа қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Мулоқот доирасида икки давлат қутқарув идоралари раҳбарлари қатор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Шунингдек, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма амалий тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

Гулноза Бобоева,
ЎзА