Ўзбекистон – бағрикенг диёр
Нукусда Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Ўзбекистон - бағрикенг диёр” шиори остида халқаро маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш мақсадида ўтказилган тадбир аввалида қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларнинг бадиий асарлари кўргазмаси намойиш этилди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин Разов, Қорақалпоқ давлат университети профессори Роза Кенжебаева сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталди.
[gallery-32741]
Таъкидланганидек, БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили “Бағрикенглик ҳафталиги” ташкил этилади.
Ҳафталик доирасида туркум маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, “Биз – ягона халқмиз!”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзуларида маданий тадбирлар, қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомлари асарларининг кўргазмалари, турли спорт мусобақалари ҳамда кўрик-танларлар ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни Оролбўйида яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди.
Турли миллат вакилларининг куй-қўшиқлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА