Ўзбекистон астрономияси бугун қандай натижаларга эришмоқда?
Бутунжаҳон космос ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтида ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир доирасида “Коинот манзаралари” номли фото-кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Мулоқот давомида мамлакатимиз астрономия фанининг бугунги имкониятлари, осмон жисмларини кузатиш натижалари ва космик тадқиқотларнинг истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
4–10 октябрь кунлари нишонланадиган Бутунжаҳон космос ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбир Ўзбекистон астрономия фани ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларни аниқ фанлар ва замонавий технологияларга қизиқтиришга қаратилди. Фанлар академияси, Астрономия институти ҳамда «Ўзбеккосмос» агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган учрашувда ёшлар, ОАВ вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир Астрономия институти бўйлаб танишув ва “Коинот манзаралари” номли фото-кўргазма билан бошланди. Унда турли йилларда олинган астрономик суратлар, осмон жисмлари ва галактикалар тасвирлари, шунингдек, институт олимларининг замонавий телескоплар ёрдамида олиб борган кузатувлари натижалари намойиш этилди. Мутахассислар экспонатлар ҳақида илмий изоҳлар бериб, ташриф буюрувчиларни астрономик кузатувлар билан боғлиқ маълумотлар билан таништирди. Фото-кўргазма нафақат коинот манзараларини томоша қилиш, балки улар ортидаги илмий жараёнлар ҳақида ҳам сўзлайди.
[gallery-31865]
Тадбирнинг расмий қисмида Фанлар академияси Ахборот хизмати раҳбари С.Ўринбоева учрашувнинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берди. Астрономия институти директори, академик Ш.Эгамбердиевнинг “Ўзбекистон астрономия фани: бугун ва келажак” мавзусидаги маърузасида мамлакатимиз астрономиясининг бугунги ҳолати ва истиқболлари масалаларига эътибор қаратилди.
«Ўзбеккосмос» агентлиги вакили эса Бутунжаҳон космос ҳафталиги ҳақида қисқача маълумот берди. Очиқ мулоқотнинг асосий қисмида иштирокчилар таниқли олимлар ва астрофизиклар билан коинот, сайёралар, юлдузлар ҳамда замонавий космик тадқиқотлар юзасидан фикр алмашди.
Ёшлар ва журналистларга астрономия фанига оид мавзуларни кенгроқ муҳокама қилиш, илмий маълумотларни мутахассислардан бевосита олишга шароит яратилди. Мазкур учрашув илм-фан ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, ёшларнинг илмий изланишларга қизиқишини ошириш ҳамда астрономия соҳасида эришилаётган натижаларни кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
Тадбир якунида савол-жавоб ва муҳокамаларда фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА